Фарғона вилояти, Бувайда туманидаги Деҳқонобод қишлоғининг номи янги. Аммо ўзи тумандаги энг қадимий қишлоқлардан. Октябрь инқилобигача ва ундан кейинги даврларда у Шайхлар номи билан машҳур бўлган. Коллективлаштириш даврида бу ерда “Коминтерн” деб номланган колхоз тузилганлиги учун қишлоқнинг номи ҳам шундай атала бошлаган. 60-йилларда эса унга “ДЕҲҚОНОБОД” дея янги ном қўйилган.
Деҳқонобод қишлоғи халқимизга кўплаб машҳур кишиларни етказиб берган. Ўзбек аскиячилигининг асосчиси Деҳқон юзбоши, Бувайда тумани қўшиқчиларининг устози, катта ашула ва аския устаси Мамадали қори Отабоев, хассос санъаткор Икромиддин бува Ҳамдамов ҳамда бошқа кўплаб талантлар ана шу қишлоқда яшаб ижод этишган ва бир умрга кишилар хотирасида сақланиб қолган…
Менинг ўрнимда ишлаган
Деҳқонободлик киши бир ташкилотга раҳбар бўлиб кўтарилди. У ўзидан бурун ана шу вазифада ишлаган одамни ёқтирмас эди.
Бир куни қишлоқдаги нуроний отахонлардан бири амалдордан сўраб қолди:
– Қаерда ишлаяпсан, ўғлим?
– Туман марказидаги фалон ташкилотнинг бошлиғиман.
– Э, фалончининг ўрнида ишлаяпсанми? – деди отахон.
– Йўқ, – деди деҳқонободлик ғазабини яширмай. – У менинг ўрнимда ишлаган.
Фаросатсизлик
Деҳқонободлик кекса мулла бува шом намозидан кеч қолишдан қўрқиб жадаллик билан масжид томон борарди. Бир бефаросатроқ ҳамқишлоғи уни йўлда тўхтатиб, узоқ ҳол-аҳвол сўрагани етмагандай яна савол берди:
– Ҳа, мулла ака, қаерга шошиляпсиз?
Ҳамқишлоғининг фаросатсизлигидан энсаси қотган мулла бува жаҳл билан шундай деди: “Югуриб билиб келайчи, бугунги кинонинг номи нима экан?”
Китобларда бор экан
Жамоа хўжалиги бошқарувида ишлайдиган деҳқонободлик каттаконлардан бири қишлоқ хўжалик олийгоҳида сиртдан ўқирди. Ўз-ўзидан маълумки, сиртқичилар имтиҳон ва зачётлардан “келишув” асосида ўтишади. Ўша деҳқонободлик киши бир куни ётоқда бекор ётаверишдан зерикиб, дарсликлардан бирини варақлай бошлади. Бир-икки жойидан ўқиб кўрди ва янги бир нарса ихтиро қилгандай мамнуният билан деди:
– Боласи тушмагурларей! Имтиҳонларда қаердан ҳам булбулдек сайрайверади десам, ҳаммаси китобларда бор экан-да!
Ортиқали Шамсиддинов









