Бувайда туманида яшовчи Санобар ая ёшлигида навниҳолдек қиз эди. Шаддодлиги, меҳнатсеварлиги билан у барчани ўзига ром этарди. Қўшни Жийдали қишлоғилик Эркинжон ҳам бу шаддод қизни кўз остига олиб, совчи жўнатди. Бўлажак куёв ҳам биркесар, айтган гапининг устидан чиқадиган, қишлоқнинг чапани йигитларидан эди. Икки ёшнинг кўнгил ришталари боғланди. Улар турмушнинг паст-баланд, аччиқ-чучук кунларини бирга татиган ҳолда бир этак – етти нафар фарзанд кўришди. Бахтни ҳалол меҳнатда деб билган Эркинжон эрта тонгда кетмонини кўтариб колхоз даласига кетар, Санобархон эса фарзандларини мактабга, боғчага жўнатиб далага отланарди. Бригада аъзолари орасида меҳнатсевар ва дангал сўзли бу аёлнинг олдига тушадигани йўқ эди. Пахта чопиқми, ариқ тозаловми ёки пахта теримими ҳар доимо у илғор эди. Меҳнатлари эл аро достон бўлган Санобархон аяни бир куни колхоз раиси олдига чақириб, уни ипак қурти бригадири бўлиб ишлашга таклиф этади. Санобар ая турмуш ўртоғи билан маслаҳатлашиб, раиснинг таклифига рози бўлади. 20 йилдан ортиқ ипак қурти бригадири бўлиб ишлаган бу меҳнаткаш аёл нафақат колхозда, балки бутун туманда ҳам биринчилар қаторида бўлди. Тўғрисўз, ҳалол ва меҳнатсевар Санобархон аянинг гапини жийдалиликлар икки қилмас, ҳурматини жойига қўйишарди.
Шундан сўнг у пахтачилик бригадири этиб тайинланди. Деҳқончиликни “миридан сиригача” биладиган Санобархон ая Болтабоева пахта режасини илғорлар қаторида тўлдириш баробарида фарзандлар тарбиясига ҳам бефарқ бўлмади.
Санобархон ая ва Эркинжон бува умрлари давомида ҳалол меҳнат билан қора қозонини қайнатиб, фарзандларни улғайтиришди. Уларни уйли-жойли, касб-корли қилишди. Бироқ айни фарзандлар роҳатини кўрадиган пайтда Эркинжон бува оламдан ўтди.
Аянинг меҳнатлари ажрсиз қолмади. Унга Ҳаж ва Умра сафарларига бориш насиб этди. Санобархон ая Болтабоева ҳозирда 83 ёшда. Аммо шу ёшда ҳам унинг ғайрати ичига сиғмайди. Маҳалланинг ҳар қандай маросимларида фаол иштирок этади. Айниқса, пахта теришни ҳалиям яхши кўради. Мавсум бошланиши билан фарзандларининг “ҳай-ҳай”лашига қарамай, этагини қўлтиқлаб, илғорлардан бўлиб пахтазорга ошиқади.
У бу йил ҳам терим мавсумида фаол қатнашди. Мавсум бошланганидан буён шу кунгача салкам уч тонна “оқ олтин” теришга улгурди. Санобархон ая дастлаб пахта теримига чиққанини шундай эслайди: “Ўн олти ёшимда турмушга чиққанман. Янги келинлигимда биринчи марта турмуш ўртоғимнинг холаси пахтага олиб чиққан. Ўшанда бир кунда 130 кг.пахта терганман. Кейинги йиллардан эса сал кучга тўлиб, 200, 300 сўнгра 400 килограммга етказиб пахта терадиган бўлдим”.

Санобар Болтабоеванинг умр йўли бир китобдан ошадиган ҳикоя. Ая ўз ҳаёти ҳақида гап бошлар экан, энг аввало, меҳнатда суяги қотганлигини, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмай, ҳалоллик билан фарзандлар ўстирганини сўзлайди. Бугунги кунлар билан ўтган кунларини солиштириб, онахон бизга ўтмишдан сўзлаб беради:
– Менинг умрим мана шу пахтазорларда ўтди. Бир мавсумда 4 тоннадан ошириб пахта терардим. У пайтларда пахта терими қишли-қировли кунларга ҳам чўзилиб кетарди. Қайсидир йиллари хатто янги йил куни ҳам пахта терганмиз. Кечқурун кўсак чувиб чиқардик, эрталаб уни далага кўтариб келиб, тарозига қўярдик. Пахта теришдан ташқари ипак қурти ҳам боқар эдик. Кейин биз аёллар бир-биримиз билан пинҳона рақобатлашардик. Кимдир мендан бир кило пахтани кўп терса, ўша куни ухламай бўлса ҳам пахта териб уникидан ошириб қўярдим.
Санобар аянинг ғайратига, куч-қувватига ҳозирги ёшлар ҳам ҳавас қилади. Эрта тонгда уйғониб, бомдод намозини ўқиб, Аллоҳдан элу юртга тинчлик, омонлик сўраган онахон пахтага кетгунича уйдаги юмушларни бажаришда келинларга ёрдам беради. Шу ёшида сигир соғади, хамир қоради. У ёпган нонлар одамнинг оғзида эрийди…
– Ҳозирги ёшимда мана шундай куч-ғайрат билан юрганим мен учун энг олий мукофот, – дейди сўзининг якунида пахтакор она.
Шарифа МАДРАҲИМОВА.









