Иккинчи жаҳон уруши мавзусида яқин ўтмишдан қизиқ эсдалик.
Бувайдада Усмонхужа Исмоилов деган отахон ўтган. У киши Улуғ Ватан уруши қатнашчиси, урушда кўп жасорат кўрсатган ва шунга яраша бир шода орден ва медаллар соҳиби эди.
Собиқ жангчи узоқ йиллар "НУРОНИЙ" жамғармаси туман бўлими раҳбари бўлиб хизмат қилди. Табиатан хушчақчақ, қизиқчи ва шоп мўйловлари ўзига ярашган инсон эди, раҳматлик.
У бошидан ўтган кўп саргузаштларни қизиқарли қилиб хикоя қилиб берарди.
Бир нечта хангомаларининг шахсан гувоҳи бўлганман. Райком деб аталувчи катта идорада бир даврда турли вазифаларда ишлаганмиз. У урушда машҳур “Кичик ер” деб номланган жойда СССРнинг энг катта раҳбари, КПСС Марказий Комитетининг Бош секретари Л. И. Брежневнинг қўмондонлигида жанг қилганман, деб фахрланиб юрарди. Дарвоқе, Брежнев “Кичик ер” номли китоб ёзиб, ўзини урушнинг хақиқий қаҳрамони – афсоновий комиссар этиб танитган эди.
Иттифоқо, Усмонхўжа ота бир куни "ОГОНЕК" журналида босилган бир суратни қувониб кўтариб келди. Унда уруш пайтидаги комиссар, ҳозир давлат раҳбари Л. Брежневнинг "Кичик ер"да 100 га яқин аскар (солдат)лар қуршовида тушган расми акс этган эди. Орадан қанча йиллар ўтган, унинг устига аскарларнинг ёшлик даври, кўпчилик бўлгани сабабли ўта майда сурат эгаларини мутлақо таниб бўлмасди. Улардан бирини Усмонхўжа ота мана шу менман, деб туриб олди. Бу билан у хақиқатан ҳам Брежнев билан бирга хизмат қилгани, агар учрашса, уни таниши мумкинлигини зўр бериб исботлашга уринарди. Борингки, туман раҳбарларини ишонтирди ҳам.
Кўп суриштирув ва текшир-текширлардан сўнг отахон Москвага Л. И. Брежнев ҳузурига учрашувга юбориладиган бўлди. Афсуски, "эзгу ният" амалга ошмай қолди.
Бу ёғини отахоннинг ўзидан эшитинг.
– Мени роса текширишди. Райком, обком, ЦК, КГБ, ИИВ деган идораларга қайта-қайта чақиришиб, мен билан суҳбатлашмаган раҳбар қолмади. Мабодо коттага рўбарў бўлсам, ўзимни қандай тутишим, қандай нафас олишим, нима деса-нима дейишим ва ҳаказолар ҳақида обдон тушунтирилдим. Кийим-бошларим ўзгартириладиган бўлди. Мўйлабимни қисқартирилишига ўзим кўнмадим.
Охирги суҳбат Тошкентда, шахсан Шароф Рашидовнинг ўзлари билан бўладиган бўлди.
Мана, Рашидов қабулхонасида минг ҳаяжон билан очирит (навбат) кутиб ўтирибман. Шу пайт бир-икки мулозим биринчи секретарь хонасига шошилинч кириб кетишди. Қанча тез кирган бўлса, шунча тез чикишди. Коридорда жонланиш. Хоналар эшиклари бирин-кетин очилиб, униси аққа кирган, буниси баққа кирган, ўзаро шивир-шивирр, хамма саросимада.
Шу пайт мени кузатаётган киши ёнимга келди-да, қулоғимга секин деди:
-Отахон, узр, сиз энди секин уйга қайтаверасиз, ўртоқ Брежнев ўтиб қопдилар.😱😱😱
Собиржон Отабоев✍️









