Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида нималар белгиланмоқда?

Президент фармони билан “Ўзбекистон—2030” стратегияси тасдиқланиб, уни ўз вақтида ҳамда сифатли амалга ошириш бўйича президент қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда айтилишича, у “Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш жараёнида тўпланган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида” ишлаб чиқилган.

Фармонга кўра, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси қуйидаги 5та устувор йўналиш ҳамда 100 та мақсаддан иборат:

-ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш;

-барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш;

-сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;

-қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш;

-“хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.

Жорий йилнинг 1 октябридан оғир ҳаётий вазиятга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида “ижтимоий хизмат иши”ни юритиш тартиби жорий этилади.

Нодавлат умумий ўрта таълим фаолиятини йўлга қўйишга компенсация берилади.

Шу билан бирга, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қайта касбга тайёрлаш харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш тартиби жорий этилади.

2024 йилдан қуйидаги тартиблар жорий этилади:

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга ҳосилни суғурталашда суғурта мукофотининг 50%и миқдорида субсидия бериш;

“Изланиш ва ривожланиш” марказлари учун улар ташкил этилган кундан 3 йил муддатга мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ҳисобланган сумманинг 1%ини тўлаш, уларнинг ходимлари учун ижтимоий солиқ ставкасини 1% миқдорида ҳисоблаш;

Давлат улуши 50%дан юқори бўлган ташкилотлар томонидан ҳар йили амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари қийматининг камида 5%ини облигациялар чиқариш орқали молиялаштириш.

ҚҚСни тўлиқ қайтариш тизими кенгайтирилади.

Келаси йилдан жисмоний ва юридик шахсларга ҚҚСни тўлиқ қайтариш тизими қуйидагилар ҳисобидан кенгайтирилади:

  • хорижий туристларга — Ўзбекистон халқаро аеропортларида Ўзбекистонда сотиб олинган ва “Тах free” тизими бўйича расмийлаштирилган маҳсулотлар учун;
  • тур-операторларга — хорижий контрагентлар билан шартномалар доирасида кўрсатилган экспорт хизматлари учун.

Сув баланси прогнозини юритиш амалиёти йўлга қўйилади

2024 йилдан️ мамлакатнинг узоқ муддатли сув баланси прогнозини юритиш, сув ресурсларини тежаш дастурларини қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилади;

Қорақалпоғистон ва Хоразмнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш учун кредитлар 10% ставкада (фоиз ставкаларини субсидиялаш ҳисобига) ажратилади.

Ушбу стратегия халқизмизнинг фаровон турмуш тарзини янада яхшилаш, ижтимоий-иқтисодий, таълим ва бир қанча сохаларда янада кенг кўламли ишлар олиб борилишини таъминлайди.

Улуғбек РУСТАМЖОНОВ, Бағдод тумани Давлат хизматлари маркази Ҳисоблаш-техникаси оператори.