Фарғона вилоятининг Бувайда туманига йўлингиз тушса, Қорақум қишлоғига ҳам кириб ўтинг. Бу ерда уч асрни кўрган, 1895 йили туғилган Ҳувайдо момо Умарова яшайди. Унинг қизиқ суҳбатларидан бахра олиб, ўтмишга қайтгандек бўласиз. Айни кунларда 129 ёшни яшаётган бу момонинг нима учун сайёрамиздаги энг ёши улуғ инсон сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилмаётгани ҳақида қизиқдим. Ва момони йўқлаб бордим. Салом-аликдан сўнг, Ҳувайдо момо мендан аввал савол беришни бошлади:
– Қаердан келдингиз қизим, кимсиз?
– Моможон журналистман. Учкўприкдан келдим.
– Ҳаа, хотирам ҳам пасайиб кетяпти. Биз катта Фарғона канали қурилишида ишлаганимизда учкўприкликлар ҳам кўп эди. Ҳозир исмларини эслай олмаяпман…
Момо шундай деб кўзларини бир нуқтага тикади.
Кенжа ўғли Тўрақул Умаров онасининг “хотирам ҳам пасайиб кетяпти” деган гапига кулиб, онамизни хотиралари авваллари жуда яхши эди, деди. Унинг зиёратига турли ҳудудлардан меҳмонлар келишини, онахондан дуо олиб кетишини гапириб берди.
– Отам мен 1-синфда ўқиётган пайтим вафот этган. Ўшанда қўшнимиз мени қучоқлаб, бошинг омон бўлсин, энди сен ҳам етим бўлиб қолдинг, деганди, етимлик ёмонлигини ҳис қилиб йиғлаб юборганман. Аммо йиллар давомида онамиз етимлигимизни билдирмади. Сув келса симириб, тош келса кемириб бизни катта қилди.
Ўғли билан суҳбатимиз тугамасидан Ҳувайдо момо яна гап бошлаб қолди:
– Канал қурилишида бирорта ҳам техника ишлатилмаган. Ҳамма қишлоқлардан одамлар – ёшу қари, эркагу аёл мажбурлаб олиб кетилган. Ҳамма кетмон, куракда ер ағдариб, қумни қоп ва махсус саватларга олиб, елкасида юқорига ташийверган. Оғир иш эди. Норғул-норғул йигитлар (момо боявой-боявой деб русча гапирдилар) ҳаммаси. 50-70 килоли қумларни кўтариб тепага таширди. Биз ўша қуму тошларни уларнинг қопига ва саватига солиб берардик.

Ундан кейин бир умр далада ишладим. Болаларимни “бир кўз” билан катта қилдим.
Ўша давр одатлари сабабли момо 16 ёшга етиб-етмай турмушга узатилади. Биринчи турмуш ўртоғидан фарзандсизлик туфайли ажрашади, аммо кўп ўтмай янги турмушидан бирин-кетин фарзандлар беради. Момо тўққизта фарзанд дунёга келтиради, аммо уларнинг иккитасини чақалоқлигидаёқ тупроққа қўяди. Фарзанд доғини сабр билан енгган момо етти нафар фарзанд тарбия қилади. Тўнғичи 2013 йилда вафот этади. Ҳозирги кунда олти фарзанди, 41 набира, 64 чевара, 38 нафар эваралар ардоғида яшаётган момонинг хотираларини эшитсангиз гўё эртакка тушиб қолгандек бўласиз.
– Қийин кунларни кўп кўрдим, – дейди момо озгина тин олиб ва кўзларини бир нуқтага тикиб. – Уруш пайтида эркакларнинг ҳаммаси урушга кетди. Биз далада тинмай ишладик. Колхоз раиси менга бир ёш болани ёрдамчи қилиб берганди. Ўша бола билан бирга кечаси билан пахтага сув қўйиб чиқардим. Ҳозир эсимда йўқ, гектар-гектар ерни туни билан суғориб чиқардик-да… У пайтларда одамлар ҳам ҳозиргидек кўп эмасди. Далада ёввойи ҳайвонлар, чиябўри кўп бўларди. Қўрқиб-қўрқиб тонг оттириб олардик. Даланинг ҳар ер, ҳар ерига олов ёқиб қўярдик. Ўзимдан ҳам менга ёрдамчиликка берилган болани эҳтиёт қилардим.
Ҳувайда момонинг кенжа ўғли эса онасининг “ болам, ношукр бўлма, доимо юрагингда шукроналик ҳисси бўлсин, Яратганга исён қилма. Бугун сизлар ҳаммадан ҳам яхши замонда яшаяпсизлар. Пул бўлса, ҳамма нарса топилади. Нондан, овқатдан, кийим-кечакдан қийналмайсизлар. Бизнинг болалигимизда ва ёшлигимизда ҳатто пулга ҳам нон топиб бўлмасди. Қийинчилик билан бирга қаҳатчилик одамларни ҳолдан тойдирар эди. Биз кўрган қийинчиликларнинг юздан бирини ҳам кўрмагансизлар, деган ўгитларини доимо ёдда сақлашини, мана шундай доруломон кунларда яшаётганлари учун шукр қилишини айтиб берди.
Бу йил 129 баҳорни қарши оладиган Ҳувайдо момо доим шифокорлар назоратида. Уйда ҳам меҳр-эътибор оғушида.
Ҳувайдо момонинг узоқ умр кўришининг сирини ҳамма билгиси келади.
Момонинг авлодида бир асрдан мўл яшаганлар кўп бўлган экан.
“Бобомиз, Тошмат ота 101 ёшга кирган. Тоғалари, Муллақодир 130 йил яшаган. Сайдинисо аммалари эса 125 йил умр кўрган”, – дейди Тўрақул ака.
– Андижон давлат тиббиёт институти профессори Неъматжон Мамасолиев тез-тез келиб туради, – дейди Тўрақул Умаров, – у онамнинг генетикасини ўрганиш учун турли аппаратлардан ҳам фойдаланади. У кишининг айтишича, агар онамдаги узоқ умр кўриш сири аниқланса, кейинчалик бу инсониятга қандайдир фойда келтирувчи кашфиёт яратилар экан.
Биз Неъматжон Мамасолиев билан боғланишга ҳаракат қилдик. Афсуски, у киши илмий-амалий анжуманда эканлиги сабабли онахон ҳақидаги фикрларини била олмадик.
Кейинроқ балки профессор Неъматжон Мамасолиевнинг ўзи онахон генетикаси бўйича ўз изланишларини ёзиб қолишар.
Бундан уч йил аввал масъуллар момони сайёрамиздаги энг ёши улуғ инсон сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш учун ҳужжат тўплаганлар. Ўрганишлар олиб борилган. Афсуски, собиқ совет иттифоқи берган ҳужжатларда чалкашликлар бўлади, деган важ билан ҳалигача бу иш охирига етгани йўқ.
“Қорақум” МФЙ раиси Шодмоной Алиқулованинг айтишича, онахоннинг ҳужжатлари яна қайтадан тайёрланиб, ноаниқликларга аниқлик киритилиб, Тошкентга, масъулларга жўнатилибди.
Тез кунларда Ҳувайдо момонинг Гиннеслар китобига киргани хабарини эшитиш ниятидамиз, – деди Шодмоной Алиқулова.
Шарифа МАДРАҲИМОВА, “Жадид” газетасининг 2024 йил 8-сонида чоп этилган.









