Бугун ўлкамизга орзиқиб кутилган баҳор фасли ташриф буюрди. Баҳорнинг илк куни адабиёт, шеърият, назм ва наво байрами бўлиб, садоқат ва дўстлик, меҳнатсеварлик сингари инсоний туйғуларнинг тантанасига ҳамоҳанг тарзда халқимизнинг севимли шоираси Зулфия Исроилова таваллуд кунини нишонлаш билан бошланади.

Бувайда туманининг 2-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ушбу санани интиқиб кутдилар. Улар нафақат баҳорни қарши олиш, балки Зулфияхоним хотирасига бағишланган гўзал байрам тадбири ўтказиш учун алоҳида тайёргарлик кўрдилар. Ўқувчилар шоиранинг бой ижодий меросини ўрганиб, баҳорни, она ватанни мадҳ этувчи шеърларидан ёд олдилар. Ўзларининг жозибадор рақслари билан дўстларини ва устозларини, тадбирга ташриф буюрган ота-оналарни хурсанд қилдилар.












