Устоз шоир Қодир Деҳқондан баҳор ҳақида гўзал шеър
Бугун ҳар кунгидан эрта уйғондим,
(Тунги ел иши бу – деразам очиқ).
Оппоқ тонг нурига роса ҳам қондим,
Сўнг юрдим булоққа елкада сочиқ.
Узр… Ясанмоқда экан тонг қизи,
Бемаврид мен пешвоз чиқиб қолибман.
Дилбар елларини қучиб, бемаврид,
Ширин бўйларидан бўса олибман.
Марварид шудрингдан тақишиб балдоқ,
Майсалар аста бош қўйибди тошга.
Ҳозир уйғонибди лолақизғалдоқ,
Боқиб улгурмабди ҳали қуёшга.
Оқ, қизил, пушти ва сафсар гуллардан,
Дарахтлар бўйнига маржон тақишар.
Сесканмай сув ўйнар икки қалдирғоч,
Каккулар шохларда писта чақишар.
Гал бермай сайрашар серзавқ булбулллар,
Тунги гул базмининг шавқи билан маст.
Шодликдан энтикиб нафас оламан,
Гўё туюлади осмон менга паст.
Ошиқ бўлиб қолдим ўлкам тонгига,
Аҳд қилдим ҳар куни эрта туришга.
Ташнаман ҳар куни баҳор тонгининг,
Дилбар қизи билан суҳбат қуришга.
Қодир Деҳқон,
18.03.1961 йил. Тошкент.









