Ҳар йили баҳорнинг илк кунида ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби Зулфия Исроилова таваллудини нишонлаш анъанага айланган.
Шу муносабат билан Бувайда тумани 1-умумий ўрта таьлим мактабида “Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман” номли адабий-бадиий тадбир бўлиб ўтди. Мактаб жамоаси биргаликда тадбирлар залини чиройли гуллар билан безаб, баҳор нафасини олиб кирдилар. Бу гўзаллик, ҳарорат аро Зулфияхоним сиймоси ҳам ёғдуланиб, меҳрга чулғаниб кўринади. Шоиранинг йиллар ўтсада, ўз аҳамиятини йўқотмаган шеърлари мактаб ўқувчилари томонидан ёд олинди. Унинг босиб ўтган ҳаёт йўллари, изтироблари, йўқотишларию топганлари хотирланди.



Оҳанрабо қўшиқлар ва ўқувчилар ижросидаги дилтортар рақслар тадбирга янада шукуҳ бағишлади.
Тадбирда меҳмон бўлган Бувайда тумани Ахборот кутубхона маркази директори Б. Абдураззақова, туман ҳокимлиги бўлимидан Б. Исроиловлар ўқувчиларнинг истеъдоди ва санъаткорона маҳоратларидан завқландилар. Ушбу тадбирни тайёрлашда ўзларининг қимматли вақтини ва меҳнатини аямаган устозлар Нодирахон Бобожонова ҳамда Садоқатхон Йўлдашеваларга алоҳида миннатдорлик билдирилди.



Жилғалар бирлашиб сой бўлади. 1-умумий ўрта таълим мактабининг жилғалари бўлган бошланғич синф ўқувчилари ҳам бугун баҳор ташрифи ҳамда Зулфияхоним таваллуд кунини нишонладилар. Жонкуяр устоз Ҳилолахон Болтабоева ўзи раҳбарлик қилаётган синф ўқувчилари билан гўзал байрам дастури тайёрлаб, барча устозларни таклиф этди.



Бундай тадбирлар замирида маънавий, эстетик тарбия бўлиб, ўқувчилар қалбидаги Ватанга, адабиётга, ижодга муҳаббат туйғусини оширади.









