Республикамизнинг барча ҳудудларида 2023 йилнинг 10-15 апрель кунлари “Китобсевар миллат” шиори остида III Республика “Китобхонлик ҳафталиги”ни ўтказиш белгиланган эди. Шу муносабат билан ҳафта давомида Бувайда ахборот кутубхона маркази томонидан турли китобхонлик тадбирлари алоҳида тайёргарлик билан ўтказилди.
Бувайда туманида III Республика “Китобхонлик ҳафталиги”нинг очилиш тантанаси 17-болалар мусиқа ва саънат мактабида бўлиб ўтди. Мактаб ўзгача руҳда, киши эътиборини тортадиган, чинакам китобхонлар байрамидек безатилди. Китоб кўргазмалари ва китоб савдо ярмаркалари ташкил этилди.
Тадбирда туман ҳокими Беҳзоджон Ибрагимов, туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ғайратжон Мамажонов, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Исломжон Қаюмов, Мусиқа мактаби директори, Ўзбекистон халқ артисти Муҳсинжон Мўминов, нодавлат ташкилот раҳбари Суйдинса Холиқова, туманнинг таниқли ижодкорлари, фахрий китобхонлар, таълим муассасаларининг кутубхоначилари ва энг фаол китобхон ўқувчилар иштирок этдилар. Тадбир сўнггида барча иштирокчиларни АКМ томонидан ҳафта давомида офлайн ва онлайн тарзда олиб бориладиган тадбирларда фаол иштирок этишга ва китобхонликка чорланди.

Китобхонлик ҳафталиги давомида ахборот-кутубхона маркази ҳодимлари томонидан “Ҳар бир уйга китоб кирсин”, “Меҳр кутубхонаси” каби лойиҳалари бўйича асосида маҳаллалардаги меҳрга муҳтож, ногиронлиги бўлган оилаларга, нуроний отахон ва онахонларга, касалхонада даволанаётган беморларга алоҳида ҳизмат кўрсатилди ва бу лойиҳа АКМнинг доимий эзгу анъанаси сифатида давом этмоқда.
Мактабларда, мактабгача таълим муассасаларида ва турли ташкилотларда китоб ярмаркалари ташкил этилди.

Туманнинг чекка қишлоқларидаги ўқувчилар кутубхонага таклиф этилиб, ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара асарлари, янги нашр этилган китоблар билан таништирилди.
Ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари, китоб тақдимотлари ташкилланди. Аҳоли ўртасида “Сизнинг севимли ёзувчингиз ким?”, “Қайси асарлар юрагингиздан жой олган?” каби мавзуларида сўровномалар ўтказилди.


Ҳафталикнинг якуний қисми туман Маданият марказида ўтказилди. Тадбирда ижодкор шоирлар, МФЙлардаги энг фаол аёллар ва отинойилар, таълим муассасалари ўқитувчилари, туман Тиббиёт бирлашмаси ходимлари ҳамда фаол китобхонлар иштирок этишди. Тадбир сўнггида ИИИ Республика “КИТОБХОНЛИК ҲАФТАЛИГИ” доирасида ўтказилган тадбирларда энг фаол иштирок этган барча китобхонлар эсдалик совғалари билан тақдирландилар.




Бувайда ахборот кутубхона маркази Фарғона вилоят ахборот кутубхонаси ҳамда “Халқ сўзи” газетаси таҳририяти томонидан энг маънавиятли ахборот кутубхона маркази дея эътироф этилиб, бебаҳо китоблар жамланмаси совға қилинди.









