Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Бувайдалик 80 ёшли отахон ва унинг 12 ёшли набираси алача тўн учун мато тўқийди

Миллий ҳунарларимизни қадрлаб, авлоддан авлодга олиб ўтаётган юртдошларимиз алоҳида ҳурматга сазовордир. Улар фаолиятини кузатиб, дилдан суҳбатлашсангиз, бунга ишончингиз комил бўлади. Туманимизнинг Беглар МФЙ, “Бола Қўрғирот” кўчасида яшовчи Бозоров Акрамжон ота оиласида миллий ҳунармандчилик анъанаси давом этаётгани ҳақида эшитиб, батафсилроқ ўрганиш учун хонадонига йўл олдим. Дарвозадан кираверишдаги олма дарахти чунонам гуллаган эди-ки, гўё бу оиланинг саришта, меҳнаткаш ва бахтиёрлигини намоён этаётгандек бўлди назаримда. Ичкаридан эшитилаётган “тириқ-тириқ” товушлар эса қандайдир дастгоҳ ишлаётганидан хабар берарди. Мени қарши олган Эъзозхон опа мақсадимни билгач, аввалига уйга киритишни истамади. Қўни-қўшниларини кўрсатиб, улар биздан кўра яхшироқ, дея тортинчоқлик қилди. Мен ҳам унинг бу гапига кўниб, бошқа эшикни тақиллатмоқчи ҳам бўлдим. Аммо тўхтовсиз тириқлаётган дастгоҳ товуши мени аллақандай куч билан ўзига тортарди. Эъзозхон опа мени фақат ўша дастгоҳни кўриш учунгина уйига олиб кирди. Ҳовлида баҳор таровати, кичкинагина томорқа экин экишга тайёрланган, томорқа четидаги қўйхонада уч-тўрт қўй ем-хашак чайнамоқда. Бир томонда оддий, эскича улар, кўрпачалар солинган сўри, гулзор четида обдаста. Биз ҳовли бурчагидаги кичик бир хонага кирдик. Эски ёғочлардан тикланган, ўртасига ипакдек товлангувчи майин иплар тортилган катта дастгоҳ хонани тўлдириб турарди. Дастгоҳни Эъзозхон опанинг ўғли бошқараётган экан.

Оиланинг онахони, 73 ёшни қоралаган Хайринисо хола эса ўтмишнинг қора кунлари ҳақида сўзлаб берди:

  • Совет даврида бу ҳунаримизни яширишга мажбур бўлганмиз. Дастгоҳни биров билиб қолмасин, дея қоронғу оғилга олиб кириб, устини қўра билан тўсиб иш қилган кунларимиз ҳам бўлган. Билиб қолишса, олиб кетишарди. Чолимни (Бозоров Акрамжон ота – 80 ёш) уйдан олиб чиқиб кетиб, бир неча ой қамаб қўйишган. Оллоҳга шукур, мустақиллик туфайли кўксимизга шамол тегди, энди ишимизни эмин-эркин давом эттиряпмиз. Дастгоҳни Намангандан олиб келганмиз. Қўни-қўшнилардан шогирдлар чиқарганмиз. Энди уларнинг барчаси алоҳида дастгоҳ олиб, ишни ўз уйларида давом эттиришмоқда.
  • Бу ҳунар ота-боболаримиздан мерос. Бир кунда иккита тўнга етгулик 15 м.дан алача мато тўқиймиз. Бу иш билан бутун оиламиз – дадам, онам, ўғил-қизларим ҳам шуғулланади. Катта қизим олий ўқув юртига тайёрланмоқда, ўртанча қизим Муқаддамхон 6-синфда ўқийди. Мактаби иккинчи смена бўлгани учун менга кўпроқ шу қизим ёрдам беради, – дея қайнонасининг гапларини давом эттирди Эъзозхон опа.
    Бошидан кўп синовлар ўтса-да, ота-боболаридан мерос бўлган ҳунарига меҳр ва садоқати туфайли набираларига ҳам ўргатиб келаётган Акрамжон ота келинининг гапларини тасдиқлаб, кўз ўнгимда дастгоҳга ўтирган эди, меҳнатдан қадоқ бўлган қўллар орасида таранг тортилган иплар тебраниб, оҳиста тарала бошлаган “тиқир-тиқир” товушлар мозийдан садо бераётгандек бўлди.

Одина Абдураҳимова, “Buvayda ko`zgusi” мухбири

Изоҳ қолдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *