Бувайда туманининг Оқтепа қишлоғида истиқомат қилувчи Абубакир Ўктамовнинг асли мутахассислиги фармацевт. У туман марказида ҳамда ўз қишлоғида очган дорихонада кўп йиллардан буён фаолият юритади. Абубакир акани ҳамқишлоқлари, таниш-билишлари ҳамда дўсту ёрлари тиниб-тинчимас инсон, тадбиркор, ихтирочи, гуллар шайдоси сифатида ҳурмат қилишади.
У болалигидан нималарнидир ўйлаб, ихтиро қилиб ясашга қизиқади.
Абубакир аканинг ўз касбидан топган тутгани оила бюджетини қоплаб, фаровон яшашига бемалол етади. Турмуш ўртоғи Нодирахон ҳам ўқитувчиликдан яхшигана маош олади. Оиланинг ёлғиз ўғли Сирожиддин ота –онасининг ишонгани, улар каби тадбирли, ўқимишли, энг асосийси изланувчан ва янгиликларга жуда ўч йигит. Айтмоқчиманки, қаҳрамонимиз ишдан сўнг уйида мириқиб дам олиши, ошна-оғайнилари билан чойхоналарда ошхўрлик қилиши мумкин. Лекин Абубакир ака вақтини беҳуда ўтказишга одатланмаган. У бўш вақт топди, дегунча бирор фойдали иш қилишга киришади.
Яқин йиллар ичида Абубакир ака болажонлар учун “Ҳажур” аравачалари, имконияти чекланганларга ногиронлик аравачалари тайёрлашда ҳам ном чиқарди.
–Тўнғич набирам битта-иккита қадам ташлай бошлаганида унга кўмак бериш учун нимадир қилиш керак, деб ўйлаб қолдим,- дейди биз билан суҳбатда тадбиркор акамиз.–Бозор ва дўконларда сотилаётган хитой аравачалари (хотделкалар) биринчидан қиммат, уни ҳар ким ҳам сотиб олишга имкони бўлмайди, иккинчидан, ўта нимжон, бироз ноқулайроқ. Шунда миямда бир ғоя пайдо бўлди.
Шу боис оддий сантехника трубаларидан аравачалар ясашга киришдим. Биз ўзбеклар янги йўлга юраётган болаларни “ҳажур, ҳажур”, (бу сўз қирғизчадан ўзлашган сўз бўлса керак. Ўзбекчаси “Ҳа юр”), дея рағбатлантирамиз.Шунинг учун номини “Ҳажур” деб номладим. Биринчи ясаган аравачам учун кўпроқ вақт кетди, бир-икки марта бузиб, қайта ясашга тўғри келди. Лекин уддаладим. Набирамни “Ҳажур” аравачасида йиқилмай, осон ва хавфсиз юришини кўриб, қўшимчалар қўшиб яъни ўзгартиришлар қилиб янаям мукаммалроқ қилиб тайёрлашга иштиёқ пайдо бўлди.
Абубакир аканинг таъкидлашича, тўрт-беш йили ичида болалар учун, ногиронлар учун мўлжалланган аравача ва ётиш мосламаларидан 300дан ортиғини тайёрлашга эришган. Унинг содда, ноқулай ва ҳамёнбоп аравачаларининг довруғи олдинига туман миқёсида, кейинчалик вилоят, республика, ҳатто қўшни республикаларга тарқалди. Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида 6 йилдан бери юролмаётган боланинг яқинлари атайлаб келиб Абубакир ака тайёрлаган аравачадан олиб кетишади. Ҳеч қанча вақт ўтмай боланинг ота-онаси унга сим қоқиб, аравача ёрдамида фарзандларини юра бошлаганини мамнунлик билан айтишиб, унга ташаккур изҳор этишади. Шунингдек, Қирғизистонлик 13 ёшли ногирон боланинг яқинлари ҳамюртимиз тайёрлаётган аравачалар довруғини эшитиб, Хонободга келиб олиб кетишади.
Қаҳрамонимизнинг айтишга арзирлик бир томони у тайёрлаган аравачаларини сотишда хоридорга қаътий баҳо айтмайди яъни бир баҳони айтиб оёқ тираб олмайди. Баъзи ҳолларда, айниқса, беморларга аравачаларни ҳадя қилиб юборади. Қўқон шаҳридаги ногиронлар мактаби тарбияланувчиларини ҳам тез-тез йўқлаб, уларни хурсанд қилиб туради.









