Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан маиший чиқиндиларни йиғиштириш хусусийлаштирилган. Тендер асосида маҳаллалар ва кўчалардаги чиқиндиларни олиб кетишни ютиб олган хусусий ширкатлар бу ишни қай даражада уддалаяпти? Аҳоли уларнинг ишларидан розими? Хусусийлаштириш аҳоли чўнтагига оғирлик қилмаяптими? Шу саволларга жавоб топиш мақсадида суриштирув ўтказдик.
Дастлаб Бувайда туманидаги маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишни тендер асосида ютиб олган “АгроРиштон Таъмир сервис” МЧЖ Бувайда тумани бошлиғи Достон Иброҳимовдан қуйидагиларни билиб олдик.
-2022 йил 1 апрелдан бошлаб бизнинг корхона 16 та МФЙга ва туман марказидаги кўчаларга хизмат кўрсатишни бошлаган эди. Бугунги кунгача бизнинг фаолиятимиз кенгайди. 35 та МФЙга хизмат кўрсатяпмиз. 21 куб метр сиғимга эга техникаларимиз бор. Битта махсус техника 5 та МФЙга хизмат кўрсатади. Аввал иш бошлаган давримизда 11 та махсус техникамиз бор эди. 2023 йилнинг охиригача техникаларимиз сони 14 тага етди. Хизмат сифатини яхшилаш мақсадида йил охиригача яна учта техника сотиб олишни режалаштирганмиз.
Асосан аҳолидан қуруқ ва маиший чиқиндиларни йиғиштириб оламиз. 10 кунда бир марта маҳаллаларга кирамиз.
Аҳолининг асосий эътирози “Чиқиндиларни вақтида олиб кетмайсизлар, нега вақтида келмайсизлар, бизникидан чиқинди чиқмайди, сизларга пул тўламаймиз” бўлади. Ваҳоланки, СанПИН меъёрларига кўра, ҳар бир одам бир кунда 450 гр.дан 1 кг.гача чиқинди чиқаради.
Чиқинди ташувчилар аҳолидан қандай чиқиндиларни олиб кетмайди, деган саволимизга суҳбатдошимиз қуйидагича жавоб берди:
-Асосан қурилиш чиқиндилари, аҳоли уй бузганда чиқадиган бетон бўлаклари, синиқ шиферлар, ғишт, оҳак ва бошқа шундай чиқиндилар олиб кетилмайди.
Корхона иш бошлаган 2022 йилда 37 нафар ходим ишлаган бўлса, жорий йилга келиб аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида ходимлар сони 53 нафарга етказилди. Яна 40 та ишчи олишга имкониятимиз етади. Бу ҳақда туман бандлик бўлимига ҳам бўш иш ўринлари ҳақида маълумот бериб қўйганмиз.
Янаям сифатли ишлаш мақсадида 3 та махсус техникада синов тариқасида икки сменали иш ташкил этилмоқда.
Бунда биринчи сменада тонгда 03-04 дан 12 – 13 гача битта техника чиқиндиларни йиғиштириб олади. Иккинчи навбатда 12 -13 дан 20-21 гача яна битта машина аҳолига хизмат кўрсатади.
Ҳозирги кунда тумандаги Жов, Туман, Озод, Ойим МФЙларида бу тажриба қўлланиляпти.
Бу махсус техникаларда икки нафардан юкловчи ва ҳайдовчи бор.
Хизмат ҳақи бир киши учун уч минг сўм қилиб белгиланган. Айни кунларда бизни энг қийнаётган масалалардан бири – аҳолининг хизмат ҳаққини тўламаётганлигидир. 2022 йил учун дебитор қарздорлик 1 миллиард 800 миллион сўм бўлган бўлса, бугунги кунга келиб бу қарздорлик 3 миллиард 200 миллион сўмга етди.
Янгиқўрғон, Додҳо, Беглар, Яшнаробод МФЙнинг Ҳилол кўчаси аҳолиси вақтида ва назоратчиларни қийнамай хизмат ҳаққини тўлайди.
Бошқа МФЙларда эса тўлов билан боғлиқ муаммолар бор.
Вазирлар Маҳкамасининг 765-сонли қарори иловасига кўра, корхона шартномани МФЙлар билан номуайян муддатга тузади. Шартномада бир ой текинга хизмат кўрсатилиши белгиланган. Аммо биз Араб, Янгиҳаёт, Турк, Қум, Урганжи МФЙларига уч ой текинга хизмат кўрсатдик.
Юқорида номи келтирилган МФЙлар аҳолиси 2022 йилнинг ноябрь ойидан 2023 йилнинг март ойи бошигача тўлов қилмаганлиги учун март ойининг 20 кунидан бу МФЙларга хизмат кўрсатиш вақтинча тўхтатилди.
Тўловни амалга оширмаган фуқароларга икки марта огоҳлантириш хати берилади. Агар ўшанда ҳам тўлов қилинмаса, тўловни суд тартибида ундириш чораси кўрилади.
Огоҳлантириш хатларидан сўнг 2023 йилнинг апрель ойида аҳолидан 3 миллион сўм ундирилди. Корхона 6 миллион 250 минг сўм учун огоҳлантириш хати чиқарган эди.
Чиқинди олиб кетувчиларни қийнайдиган яна бир ҳолат, бу – одамларни меъёрга тўлиқ амал қилмаслигидир. Меёърларга кўра, аҳолидан килобай тартибда чиқинди олиниши керак. Аммо назоратчилар аҳолига енгиллик яратиш мақсадида қопланган чиқиндиларни килоламай олади. Баъзи одамлар 10 кун ичида 20-30 қоп чиқинди тўплаб қўйишади. Ҳозиргача, бу чиқинди учун қўшимча ҳақ талаб қилмаганмиз, ёки бу чиқиндиларни олиб кетмаймиз, деб эътироз билдирмаганмиз.
– Корхона ходимларига қандай ойлик тўлайди?
– Учта штат назоратчи, юкловчи ва ҳайдовчи штати бор. Назоратчилар уйма-уй юриб тўловларни йиғишади Уларга тушумнинг 15 фоизи берилади. Ҳайдовчилар бир миллион сўмдан икки миллион сўмгача ойлик олишади. Юкловчиларнинг ойлиги ҳам ҳайдовчиларники билан бир хил.
Якшанба дам олиш куни.
Додҳо МФЙ назоратчиси Озода Тожиева, Янгиқўрғон МФЙ назоратчиси Шоҳиста Тожикаримова, Туман, Жов МФЙлар назоратчиси Шоҳсанам Ашурова, Жалоер, Жийдали МФЙлар назоратчиси Ўғилой Сайфуддиновалар энг яхши ходимлар сифатида эътироф этилади.
Биз масъулдан вазиятни билиб олдик. Аҳоли нима дейди?
-Чиқиндиларимизни 15 кунда олиб кетишяпти, – дея саволимизга жавоб берди Жийдали аҳолиси вакили. Кўчаларга ахлат тўлиб кетяпти. Ахлатларни итлар титиб ташлаяпти. Вақтида олиб кетишса яхши бўларди. Бир ойда бир марта пул йиққани келиб, ўшанда чиқиндиларни олиб кетишяпти.
Бувайда тумани маркази Янгиқўрғонда ҳам чиқиндиларни вақтида йиғиштириб кетиш ҳам тизимли йўлга қўйилмаган. Чиқиндилар кунда йиғиштирилмайди.
Баъзи бир ҳудудларда бир неча кунлик чиқиндилар тўпланиб қолганлигига кўзимиз тушди.
Мақоладан сўнг МФЙлар ҳудудида ва кўчаларда вазият яхши томонга ўзгаради, деган умиддамиз.









