Ҳозирги кунда турли нашрларда “Нима ўқиймиз?” рукни остида бир қанча таниқли ва машҳур инсонларнинг ўзи ўқиган китоблари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, ёшларга тавсиялари бериб борилмоқда.
Мен ҳам “нима ўқиганман ва ўқувчиларга нимани ўқишни тавсия қила олишим мумкин” деган савол билан юзландим ва қуйидаги фикрларни сизларга илиндим.
Болалигимда Анвар Обиджон, Худойберди Тўхтабоев, Турсунбой Адашбоев, Фарҳод Мусажоновларнинг китобини кўп ва хўп ўқиганман. Кейин-кейин ҳам анча-мунча китоб ўқиб қўйдим. Бир муаллифнинг бирор асари ёқиб қолса, деярли барча асарларини топиб ўқишга ҳаракат қиламан.
Мен шунча йиллик китобхонлик тажрибамга асосланиб бир нарсани айтиб ўтмоқчиманки, одамзот умрининг маълум бир қисмларида у ўқийдиган китоблар мавзуси ва жанри ҳам ўзгариб борар экан. Аниқ йили ҳам эсимда. Чунки ўша йиллари қизим туғилган ва мен уйда ўтирардим. Ўшанда негадир “Фалончи пистончи замондошлари хотирасида” каби мемуар китобларни ўқишга муккамдан кетгандим. Кейин Чингиз Айтматов асарлари “жиннисига” айландим. Айниқса, “Жамила”, “Биринчи ўқитувчи”, “Алвидо, Гулсари”, “Оқ кема” асарларини қайта-қайта ўқидим. Нодар Думбадзенинг “Абадият қонуни”, “Оқ байроқлар”, “Кукарача” асарларини деярли ёдлаб олдим.
Мен китобхонлик борасида икки марта хато қилганман деб айта оламан. Биринчиси Матназар Абдулҳаким шеърларини унинг тириклигида ўқимадим, иккинчиси Аҳмад Аъзам асарларини ҳам ёзувчи тириклигида “назаримга илмадим”. Ёшларга маслаҳат бермайману аммо ашаддий китобхўр бўлсангиз шу икки ижодкорни ҳам албатта ўқинг, дейман. Аҳмад Аъзамнинг тили, услуби, воқеа ва ҳодисанинг баён қилиши ҳақиқатдан ҳам ажойиб. Шунча гап гапирдиму мен тавсия қилмоқчи бўлган китоблар рўйхатини бермадим. Жаҳон адабиётидан ёшлар албатта Теодор Драйзерни ўқиши керак. “Бахтиқаро Керри”, “Америка фожеаси”, “Женни Ге ард” асарларини. Ҳа, мен қайта қайта ўқийдиган асар эсимдан чиқишига бир баҳя қолибди. Эри Мария Ремарк “Уч оғайни”, “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ”. Агар шу ёзувчининг бошқа китобларини ҳам топа олсам албатта ўқийман.
Рус адиби В.Войновичнинг “Монументал тарғибот” асари ўзбекчада китоб бўлиб чиққанми ёки йўқ билмайман, аммо “Жаҳон адабиёти” журналининг тўртта сонида давомли қилиб берилган эди. Ана шу асарни ўқиган одам ҳам барака топади. Сўнгги пайтларда ўқиганим “Элжернонга аталган гуллар” асари негадир мени озгина тушкунликка туширган бўлса, “Ёлғонлар шаҳри”ни ўқимаганимда яхшийди деб ўйлаяпман.

Бундоқ ўйлаб кўрсам, ўқилиши керак бўлган миллионлаб китоблар, юзлаб ёзувчилар бор экан. Қуйидаги ёзувчилар китобларини ёшлар ўқиса ўзларига фойда бўларди:
Абдулла Қодирий
Маҳмудхўжа Беҳбудий
Эркин Аъзам
Мурод Муҳаммад Дўст
Хайриддин Султон
Шукур Холмирзаев
Э, ҳаммаси яхши, бирини бошқасидан устун қўйиб бўлмайди. Бу мақолада фақат бадиий асарлар ҳақида гапирдим. Илмий, диний (энг яхши кўрган китобим Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Муҳаммадий”) тарихий, мотивацион, мемуар асарлар ҳақида яна вақти келса ёзарман.









