Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Олтин қўшилган таомларни ейиш мумкинми?

Яқинда интернет тармоқларида Қўқон шаҳридаги “Пирамида” ресторанида Германиядан олиб келинаётган тилладан таомлар тайёрланиб, нархи тақинчоқ тиллаларникидан икки баробар қиммат бўлишига қарамай, ҳамёни кўтарган хўрандалар истеъмол қилаётгани ҳақидаги хабар шов-шув бўлган эди. Олтин қўшилган таомларни ейиш мумкинми, бундай таомларнинг соғлиғимизга зиёни йўқми, деган саволлар кўпчиликни қизиқтирган бўлиши табиий.

Бу саволга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази жавоб берди.

Фатво марказининг қайд этишича, олтинни ейиш ёки уни бирор таомга қўшиб тановул қилиш динда дуруст эмас.

Биринчидан, аслида олтин ва кумуш нақд пул ҳамда аёлларга зийнат учун яратилган. Уни ейдиган нарсага айлантириш жоиз эмас. Бундай қилиш шаръий ва инсоний урфга зиддир. Чунки бирор бир миллат, дин ёки жамият олтин ва кумушни таом сифатида қабул қилмаган.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай деган: “Биз айтдик: Эй Одам, сен ва жуфтинг (Ҳавво) жаннатда яшангиз ва хоҳлаган жойларингизда ундан (неъматларидан) бемалол тановул қилингиз. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангиз, (акс ҳолда) золимлардан бўлиб қолурсиз (Бақара сураси, 35-оят).

Ушбу оятда емаслик керак бўлган нарсани ейиш зулм дея эътиборга олинмоқда. Демак, тилла ёки кумушни ейиш ҳам зулм ҳисобланади.

 Иккинчидан, олтин ва кумушдан ясалган идишларда таомланиш ва ичиш ҳам жоиз эмас. Пайғамғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай деганлар: “Олтин ва кумуш идишларда (таом ва сув) ичманглар...” (Муттафақун алайҳ).

Уламоларимизнинг сўзларига кўра, бу қайтариқнинг сабаби олтин ва кумуш идишларда еб-ичиш кибрга олиб боради ва фақир инсонларнинг кўнглини синдиради. Ушбу салбий сифатлар олтинни идиш сифатида ишлатгандан кўра олтинни истеъмол қилишда кўпроқ топилади. Бу эса ўз навбатида инсон қалбидаги бандалик сифатининг йўқолишига сабаб бўлади.

Учинчидан, бу молни исроф ва зое қилиш ва неъматларнинг қадрини ерга уриш ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом еб-ичиш, садақа ва кийинишда исроф қилиш ҳамда кибрга кетишдан қайтариб шундай деганлар: “Модомики исроф ва кибр аралашмас экан енглар, ичинглар, садақа қилинглар ва кийинглар”. (Имом Ибн Можа ривояти)

Бошқа ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло қийлу қол (миш-миш тарқатиш), кўп савол бериш ва молни зое қилишингизни ёмон кўради”, деганлар (Имом Муслим ривоятлари).

Айрим табиблар шифо мақсадида кам миқдорда олтин истеъмол қилишни тавсия қилган бўлиши мумкин. Бу заруратда бошқа дори қолмагани учун “ҳаром билан даволаниш” бобидан бўлиб, алоҳида мавзу ҳисобланади. Лекин одатдаги ҳолатда тилла ва кумушни таомга қўшиб ейиш ҳалол эмас. Валлоҳу аълам, дейилади Фатво маркази хабарида.