Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

“Оналарга эҳтиром” фестивалида Бувайда тумани ғолиб бўлди

Фарғонада ҳар йилги анъанага айланиб бораётган “Оналарга эҳтиром” фестивали Бувайда туманида ҳам кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди.

Туман ҳокимлиги биноси олдига ташриф буюрган мингдан ортиқ онахонлар алоҳида ҳурмат ва эъзоз билан “МЕГАПАРК”даги амфитеатрга олиб борилди.
У ерда онахонлар туман ҳокими Беҳзод Ибрагимов бошлиқ сектор раҳбарлари, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари томонидан карнай-сурнай садолари остида, гулдасталар билан тантанали кутиб олинди.
Боғ ҳудудидаги амфитеатрда туманнинг барча маҳалла ва қишлоқларидан келган мўътабар онахонлар ҳамда опа-сингиллар, минглаб меҳмонлар жамулжам бўлди.

— Фестивалнинг асосий мақсади Сиз улуғ зотларга бўлган юксак эҳтиромимизни намоён этиш, ўсиб келаётган ёш авлод қалбида ота-онага ҳурмат туйғусини юксалтиришга қаратилган, — деди туман ҳокими Беҳзод Ибрагимов. – Қолаверса, фарзандлик бурчларини адо этиш, мўътабар волидаларимизни қадрлаш фазилатларини шакллантиришдан иборатдир.
Бугунги байрам билан барча онахонларни табриклайман.Сизлар борки оилалар тинч ва фаровон, сизлар борки хонадонларимиз ёруғ ва осойишта. Олдингизда бошим ерга теккунча таъзимдаман.
Фестивалда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева, Ўзбекистон халқ артистлари Зулайҳо Бойхонова ва Абдуҳошим Исмоилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар ака-ука Муҳсинбек ва Яҳёбек Мўминов, Илҳом Иброҳимов, Қиличбек Тожиев, таниқли сўз устаси ва қизиқчи Валижон Шамшиев, Ўзбек эстрада юлдузлари Жалолиддин Аҳмадалиев ва Жўрабек Қодировлар иштирок этиб, ўзларининг дилтортар қўшиқлари билан йиғилганларни хушнуд қилдилар.
Даврани машҳур суҳандонлар Учқун Тиллаев ҳамда Нилуфар Сотволдиевалар олиб бордилар.

“Оналарга эҳтиром” фестивалининг Фарғона вилоят босқичи тақдирлаш маросимиМарғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номидаги Ижодкорлар боғида бўлиб ўтди.

Мазкур фестивалнинг вилоят босқичи ғолиби—Бувайда тумани деб эътироф этилди.