Тахририятимизга бир йигит кириб келиб, қўлидаги бир парча қоғозни узатди. “Бу онамнинг мактуби. Яқинда касалхонада даволаниб чиқди. Шифокорларга айтидиган гапи бор экан. Ёзиб юборганди. Сизлар орқали юбориш ниятида”, деди. Қизиқиб, қўлидаги қоғозни олдим. Унда бежирим хуснихат билан қуйидаги дил изҳори ёзилган эди. Бундай самимий ёзилган мактуб, албатта, шифокорларга етиб бориши керак.
“Мен Тўхтанса ШАРИПОВА, Бувайда тумани, Бегобод қишлоғида яшайман. Ёшим 82 да. Тез-тез қон босимим кўтарилиб туради. Яқинда касаллик зўрайиб, туман марказий шифохонасининг терапия бўлимида ётиб даволанишимга тўғри келди. Дори-дармонлар ўз йўлига, дард чекаётган одамга нажот фариштасидек кўринган шифокорларнинг бир оғизгина ширин сўзи қанчалар шифобахшлигини ўн кунлик даволанишим давомида юракдан ҳис этдим. Врачлардан тортиб ҳамшираларгача, ҳатто фаррошлар ҳам куну тун атрофимда парвона бўлишиб, “Онажон, онажон” дея кўнгил сўрашдан тўхташмади. Барака топишсин, қўллари дард кўрмасин, фақат менга эмас, бўлимда даволанаётган катта-кичик беморларга ҳам шундай муносабатда бўлишаётганини кўриб, севимли газетамиз орқали бу фидойи тиббиёт ходимларига миннатдорлик билдиришни дилимга тугиб қўйгандим. Авваломбор, мана шундай касбига садоқатли, ширинсухан, ақлли шифокорларни тарбиялаб камолга етгазган ота-оналарига, устозларига минг раҳмат!
Шу ўринда бўлим бошлиғи Олимжон Имомов, врачлар Баҳромжон Жўраев, бош ҳамшира Муҳаббат Умарова ҳамда унинг ҳамкасблари Ҳафиза Жўрааева, Маҳфуза Нишонова, Ҳаётхон Назарова, Саодат Фозиловаларга алоҳида ташаккур билдираман. Мен каби беморлар саломатлиги йўлида жон куйдириб, меҳнат қилаётган хушмуомала бу тиббиёт ходимларининг машаққатли ва шарафли юмушларида куч қувват, сабр-тоқат тилайман.
Мен сиздан шифо топдим, жонга жон шифокорлар,
Қўлингиз дард кўрмасин, дардга дармон шифокорлар, дея уларнинг ҳаққига доимо дуодаман“.









