Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

УЗИчи Раҳмон ака бир кунда 50-60 та бемор қабул қилади

Бир кунда ўртача 50-60 та беморларни қабул қиламан. Бу кўрсаткич юзтагача борган кунлар ҳам бўлади. Бу бўлимга, асосан, жуда оғир аҳволдаги, зудлик билан ёрам кўрсатилиши шарт бўлган беморлар келади. Ички аъзоларини текшириб, аниқ хулоса бериш бемор саломатлиги учун ниҳоятда муҳим, – дейди Бувайда туман тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимида сонография –  УЗИ (ультразвуковое исследование – ультратовуш текшируви) аппарати бошқарувчиси Раҳмонжон Мамадалиев.

Унинг бу соҳада ишлаб келаётганига 30 йилдан ошди.

Раҳмонжон Мамадалиев Ўрта Осиё педиатрия (ҳозирги ТошМИ) институтини реанимация анестизиология соҳаси бўйича тамомлаган. Тиббиёт ривожланиб, чет элдан замонавий аппаратлар, асбоб-ускуналар келтирила бошлагач, шифохонада махсус мутахассисга эҳтиёж туғилган ва 1995 йил уч ой мобайнида пойтахтда билимини ошириб келган. Шундан буён Бувайда туман тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимида сонография –  халқ тилига жуда ўрнашган УЗИ (ультразвуковое исследование – ультратовуш текшируви) аппаратини бошқариб келмоқда.

Янги иш бошлаган пайтларимда қийинчиликларга дуч келиб, тажрибали шифокорлардан маслаҳат олган бўлсам, эндиликда мендан йўл-йўриқ сўраб туришади, – дейди шифокоримиз биз билан бўлган суҳбатда.

Беморларнинг ички аъзоларини текшириб, дардига ташҳис қўйиб, касаллик даъвоси учун тўғри йўл кўрсатиб келаётган, тинч ва бахтли оила бошлиғи бўлган Раҳмонжон аканинг турмуш ўртоғи ҳамда икки нафар қизи ўқитувчи, икки нафар ўғли эса шифокор бўлиб ишлайди. Ўз касбини севадиган, чуқур билимга эга бундай инсонлар бошқаларга ёрдам бериб, фойдаси тегаётганидан доим мамнундирлар.