Андижон давлат тиббиёт институти Симуляцион ўқув маркази раҳбари, жарроҳлик касалликлари кафедраси доценти, тиббиёт фанлари номзоди Умиджон Усмонов расмий таклифга асосан Москва шаҳрида бўлиб ўтган “Россиянинг тиббиётда симуляцион таълим жамияти”нинг ХII сезди ва “Тиббиётда симуляцион таълим: тажриба, ривожланиш, инновациялар. РОСОМЕД – 2023” халқаро конференсиясида иштирок этди.


М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетида бўлиб ўтган пре-конференцда ва унинг доирасида ўтказилган мастер-классларда иштирок этган Умиджон Усмонов асли Бувайда фарзанди. У мазкур халқаро конференцияда “Андижон давлат тиббиёт институтида симуляцион ўқитиш технологияларини ташкил этиш ва жорий қилиш босқичлари: кеча, бугун, эртага” мавзусида маъруза қилди.


Халқаро тиббиёт соҳаси профессорларининг ўзаро билим ва тажриба алмашиш учрашуви бўлган мазкур конференция якунида Ўзбекистон вакили бўлган Умиджон Усмонов ЕвроМедСим институти директори, РОСОМЕД эксперт кенгаши раиси Горшков Максим Дмитриевичга “Андижон давлат тиббиёт институти фахрий профессори дипломи”ни институт номидан расман тақдим этди.









