Сешанба, Апрель 21, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Телевидение нимани тарғиб қиляпти?

Маънавият- инсон руҳий ва ақлий оламини ифодаловчи тушунча. У кишиларнинг фалсафий, ҳуқуқий, илмий, бадиий, ахлоқий, диний тасаввурларини ўз ичига олади. Маънавият атамасининг асосида эса “маъно” сўзи ётади.

Мазкур тушунчани қамрови катта, уммон десак ҳам муболаға бўлмайди, албатта. У инсон кўнгли, виждони, теран дунёқараш билан боғлиқ. Ҳозирда “Маънавият” тушунчасини нима эканини ва “Маънавиятли инсон”(баркамол) ни  тарбиялаш борасида юртимизда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

   Оммавий ахборот воситалари: телевидение ва радио эса бу борада энг яхши тарғибот, ташвиқот ва инсонга таъсир этувчи воситадир

Аммо,  юртимиз бўйлаб қанот ёзган маънавият билан боғлиқ бўлган катта ислоҳотларга телевидениеда муносиб жавоб бўлмаяпти деб ўйлайман. Америкада кино суратга олинса, аввал “ Америкалик ёшлар ушбу кино орқали Америкадан фахрланадими?”- деган  савол қўйилар экан. “Ҳа, фахрланади!” жавоби топилса, кино Америкадагина эмас, дунёга намойиш этилар экан. Ҳақиқатан ҳам  фильмларида Америка дунёни қутқариб қолади, шу йўл билан у ёшлар онггида “Америка қудратли давлат ва у дунё иқтисодиётини бошқаради…” ғоясини муттасил сингдиради. Балки бу энг осон ва яхши йўлдир. Бизда-чи?! Бизда аҳвол қандай?!

Мен ҳозирда эфирга узатилаётган айрим сериалларни ва кўнгилочар дастурларни маънавий озуқаси йўқ ва маънавий бузуқ деб баҳолайман. Қўпол қилиб айтсам, улар зинони тарғиб қилмоқда Ҳозир оила даврасида эфирга узатилаётган сериалларини томоша қила олмайсиз. Уятдан қизарасиз, кўзингизни ердан ололмайсиз…  Хусусий каналлар  орқали эфир юзини кўраётган баъзи ўзбек сериалларида фақат чиройли ”юзлар “ (актриса), “қоматлар”,  ҳашаматли уйлар, пойтахтдаги ёшлар учун фаолият олиб бораётган кўнгилочар манзиллар  эркакларни қандай йўлдан уруш усуллари ва ҳоказолар маҳорат билан кўрсатиляпти. Хусусан,    “ЗЎР ТВ“  телеканали орқали эфирга узатилган “Заҳарли томчилар”, “Кўнгил”, “Миллий” телеканалида берилаётган “Сенсиз” , “ MY 5” телеканалида айни пайт эфирга узатилаётган “Паризод”  сингари сериаллардаги мавзулар ҳаётда учровчи иллатлардир, тўғри, буни инкор этмайман. Бироқ иллатларни бироз қоғозга ўраб эфир юзига олиб чиқиш маъқул иш эмасмикан?… Тўхтовсиз келинига ошиқ қайноталар…, оиласига хиёнат қилаётган аёллар, оиласи, фарзандлари бор эркакларга илакишиб юрган ёш қизлар мавзуси телевидениени “безайверса”, телеканаллар кўр-кўрона фақат зино мавзусидаги  ўзбек ва хорижий сериалларни урчитиб ташласа, ёшларимиз мазкур сериаллардан андоза олмасликларига ким кафолат бера олади?! Ушбу сериалларда мавзу қилиб кўтарилаётган воқеаларни ўзбек ёшлари одатий (нормал) ҳаёт тарзи деб ўйламасликларига ким кафил?! Иллатларнинг  бузуқлигини кўрсатамиз деб бироз бузуқликни тарғиб қилиб қўймаяпмизмикан?!

Турмуш қурмоқчи бўлган суюклиси ўзининг ўгай онаси бўлиб чиқаётган воқеалар мавзуси “тараннум” этилаётган сериалларнинг қаерида маънавий озуқа бор экан, деб баъзида ўйлаб қоламан.  Шу сериалларнинг ўрнига тарихий сериаллар бўлишини жуда истардик.  Мавзу қилиб кўрсатишга арзийдиган  ва фахрланадиган бой тарихимиз бор, ахир.

    Шундай экан, аввало, маънавиятимизни тараннум этайлик, ёшлар, умуман, ўзбек миллати ўзбек эканидан фахрлансин, тарихининг бойлиги билан ғурурлансин, муносиб бўлишга ҳар ерда, ҳар қачон имкон қидирсин ва ниятига етсин.

Сўзимиз сўнггида, маънавият нур деган бўлардик. Маънавиятли инсон дилида виждон туйғуси акс этган, ўзлигини англаган, ўзининг борлиқдаги ўрни ва вазифасини тушуниб етган кишидир, ҳақиқат олдида ўз бурчини билган, қолаверса, моҳиятан қадриятларга алсо зид эмас, балки мувофиқ эканини англаган кишидир.

Маънавият йўлдошимиз бўлсин! 

Наргизахон ЎРИНОВА, Бувайда тумани  50-мактаб тарғиботчиси

Изоҳ қолдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *