Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Келажак бунёдкорларини тарбиялаяпмиз

Боғча – мактаб ёшигача бўлган болаларни тарбияловчи маскан. У халқ таълимининг дастлабки бўғини.

Кичкинтойлар маънан етук, жисмонан бақувват, руҳан баркамол инсон бўлиб вояга етиши учун мактабгача таълим муассасаларининг ўрни ва аҳамияти катта. Биз фаолият юритаётган 4-ДМТТ Бувайда туманининг Бувайда МФЙ марказида жойлашган.

140 ўринга мўлжалланган таълим маскани 1987 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган. Бугунга қадар муассасага олти нафар – Ш. Ҳошимова, С. Бурҳонова, Р. Деҳқонова, Ш. Худойберганова, М. Назарова, Л. Қосимовалар мудиралик қилган. Мен 2021 йилдан буён мазкур даргоҳни бошқариб келяпман.

Ҳозирда муассаса 270 ўринга мослаштирилган. 9 та гуруҳга ажратилган тарбияланувчилар билан 25 нафар тарбиячи опалар шуғулланишади. 30 нафар техник ходимлар ҳам муассасани ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида меҳнат қилмоқдалар. Иш бошлаган дастлабки кунларимданоқ муассасани ободонлаштиришга катта эътибор қаратдим. Чунки чиройли хоналарда ишлаш одам кайфиятини кўтариб, иш самарадорлигини оширади.

Ҳомийлик ёрдамида хоналарни таъмирлатиб, қайта жиҳозладик. Боғчага бола қамровини оширдик. Илгари ҳар бир гуруҳда 25 нафардан тарбияланувчи бўлса, ҳозирда 30 нафардан иборат.

Бундан ташқари, ўқув-машғулот хоналарида рус ва инглиз тили, мусиқа, ментал арифметика тўгаракларимиз мунтазам ишлаб турибди. Ментал арифметика тўгараги аъзолари орасидан, ҳатто вилоят миқёсида ўтказилган мусобақаларда чемпионлар чиққани фахрлидир. Бундан бутун маҳалла аҳли ҳам мамнун бўлиб келмоқда.

Ўрта махсус маълумотли олти нафар тарбиячиларимиз олий ўқув юртларига кириб ўқимоқда. Келажак бунёдкорлари тарбияланаётган муассасамизда барча шароитлар яратилган. Тарбиячиларимиз эса ўз ишининг устаси. Улардан Маҳбуба Солиева, Бузайфа Усмонова, Гулнора Юнусова, Рашида Қазақова, Гулчеҳра Турдалиева, Ҳавасхон Нурматова, Зулхумор Эрғозиева, Дилдора Абдураҳимова, Мавжуда Отажонова, Муаззам Аҳмедова кабилар му ссасамизнинг фахридир. Кичкинтой боғчада таълим-тарбия олибгина қолмай, тенгдошлари билан муомаламуносабатини, кўпчилик олдида ўзини тутишни ўрганади. Руҳан кучли, иродали ва ҳар томонлама қобилиятли бўлиб ўсади. Бу эса биз каби мактабгача таълим муассасалари ходимларига катта масъулият юклайди.

Кичкинтойлар ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етиши учун бор куч ва ғайратимизни ишга соламиз.

Ҳилола ТУРСУНОВА,
Бувайда тумани, 4-ДМТТ директори.