Юртимизда таълим тизимида катта ўзгаришлар, халқаро тажрибалар асосида ислоҳотлар олиб борилмоқда. Финландия, Япония каби ривожланган мамлакатларнинг тараққиёт йўли ўрганилганда, улар эришган ютуқларнинг асосий сабаби таълимга бўлган эътибор натижаси экани маълум бўлди.
Шунинг учун Ўзбекистондаги баъзи мактабларда улар методидан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда.
Жорий ўқув йилидан Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги 44-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларига Япон тажрибасига асосланган ҳолда таълим берила бошланди.






Найман қишлоғида жойлашган бу мактаб 1993 йил фаолият бошлаган бўлиб, ўша вақтда атиги 422 ўринли, ўқувчилар мактабга сиғмас, икки сменада ўқитилар эди. Ўқитувчилар эса фидойи, ўз вазифасини сидқидилдан бажариб келарди. 2022 йилда мактабни қайта таъмирлаш, янги бино қуриш учун 8 млрд. 250 млн. сўм маблағ ажратилди ва бутунлай янгиланиб, 420 ўринли янги бино қурилди. 2023 йил сентябрь ойидан тўлиқ ишга тушди. Мактабда жами 85 нафар педагог ходимлар 889 нафар ўқувчиларга таълимтарбия бериб келмоқда. Ўтган ўқув йилида мактабни 58 нафар битирувчи тамомлаб, улардан 34 нафари олийгоҳга ҳужжат топширдилар ва 22 нафари талабаликка қабул қилинди.
Жамоани жам қилган раҳбар
Уч йилдан буён шу мактабга раҳбарлик қилаётган Умидахон Худойназарова бошқа мактаб директорларидан ўзининг хушмуомалалиги, самимий ва камтарлиги билан ажралиб туради. Умидахон ўттиз уч йилдан буён шу даргоҳда ишлайди. Мактабда оддий ўқитувчи бўлиб иш бошлаган Умидахон самарали меҳнатларию фидойилиги туфайли поғонама-поғона мактаб директорлигигача етиб келди. Унинг фидойилиги жамоанинг ҳамжиҳатлигини таъминлаши билан тумандаги элликдан ортиқ мактаб орасидан айнан 44-мактабда Япон тажрибаси қўлланишига сабаб бўлди, дейиш мумкин.

–Мактабда ҳамма ўқитувчилар бирдек жонкуяр. Улар оилада фарзандига қандай муносабатда бўлса, ўқувчиларга ҳам шундай самимий, эркин муомала қилади. Менга ҳам ўз фикрини эркин айта олади, бир-бирини ниҳоятда ҳурмат қилади, – дейди Умидахон Худойназарова. – Жамоада 86 нафар ўқитувчи бўлса, ҳаммасининг оилавий шароитини, уларнинг қандай кайфиятда, қандай вазиятда ишга келаётганини кўзларидан биламан. Ва шунга қараб ҳол-аҳвол сўраб, муомала қиламан.
Япония мактаб таълимининг ноёб тизими қандай ва унинг сири нимада? Ва энг муҳими, ундан нимани ўрганишимиз мумкин, деган саволимизга мактаб директори:
– Япон таълими деб биз болаларга бутунлай японча таълим бераётганимиз йўқ. Уларнинг ўқитиш усулига таяниб, япон методларини қўлламоқдамиз. Масалан, ўқувчиларга эркинлик берилди, уларни озодаликка ўргатяпмиз. Дарсдан сўнг синфхоналарни ўзлари тозаламоқда. Бу билан ўз меҳнатини қадрлашни ўрганмоқда.
Эркин ва креатив фикрлашни ўргатамиз
Яп-янги синфхона, янги мебеллар, янги ўқув қуроллари билан 1-синфни қабул қилиб олган ёш ўқитувчи Зуҳрахон Назарованинг айтишича, япон таълимига асосланган ҳолда ўқитиш болаларга эркинлик бермоқда. Яъни ҳар бир ўқувчи синфда ўзини эркин тутиши, ўз фикрини бемалол айта олиши, ўртоқларига савол бериб, уларнинг ҳам ўзлаштиришига кўмаклашиши мумкин.



– Янгича усулда ўқитиш, янги метод асосан бошланғич синф ўқувчиларида қўлланмоқда. Мактабга илк қадам қўйган 1-синф ўқувчилари боғчадан кўп нарса ўрганиб келишмоқда. Санашни, расм чизишни билади. Рангларни бемалол фарқлайди. Худо хоҳласа, бу ўқувчиларимни ҳам япон методи асосида, ҳам ўзимизнинг ўзбекона таълимимиз асосида муваффақиятли ўқитаман, – дейди Зуҳрахон.
Ўн икки йилдан буён шу мактабда бошланғич синф ўқитувчиси сифатида фаолият олиб бораётган ёш муаллима шу кунгача уч бор синф чиқарган. Зуҳрахоннинг ўқувчилари тарбияли, зукко, ўқишга иштиёқманд бўлгани учун унга бу йил ҳам яна 1-синф ўқувчилари ишониб топширилди.
Масъулиятли муаллима
Фарзандини ушбу мактабга бераётган ота-оналар “Болам Наргизахонда таълим олсин”, дея талашадиган, ўқувчилари илмга чанқоқ, келажаги порлоқ бўлиб улғаядиган бошланғич синф ўқитувчиси Наргизахон Холдарова ўз касбини севади. 25 йилдан шу мактабда ишлаб келмоқда. У бу йил 3-синф раҳбари, 33 нафар ўқувчига устоз. Дарсларини замонавий усулларда, қизиқарли ўтади. Шу билан бирга ниҳоятда талабчан. Ҳар бир ўқувчининг ўзлаштиришига алоҳида эътибор бериб, фаол ўқувчиларни ўзига хос усулда рағбатлантириб боради. Паст ўзлаштирувчи ўқувчилар билан эса дарсдан сўнг эринмай, индивидуал шуғулланади. Унинг бу саъй-ҳаракатларини ота-оналар ҳам қўллабқувватлайди.

Наргизахон ўқитган синф ўқувчиларининг аксари ўқимишли бўлиб, ҳаётда ҳам ўз ўрнини топган. Масалан, аввалги синфида ўқиган 13 нафар қизларнинг деярли ҳаммаси талаба бўлган. Уларнинг давлат гранти асосида таълим олмоқда. Бу ўқувчи қалбига илм уруғини қадаётган Наргизахон фаолиятининг самарали натижаси десак, тўғри бўлади.
Япон методида замонавий ўзига хослик бор
Япон методи ҳақидаги ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олиш учун мактабдаги энг фаол, қатъиятли ўқитувчилардан бўлган Шуҳратжон Эрматовга юзландик. Физика-математика, информатика фанларидан дарс бериб келган Шуҳратжон домла айни дамда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлайди. Меҳнат фаолиятига 28 йил бўлди. У сабоқ берган ўқувчилар фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб, вилоят миқёсида фахрли ўринларни эгаллаган.

– Дунёда жуда тез тараққий этган мамлакатлар ичида Япония алоҳида ажралиб туради. Бу япон миллатининг меҳнатсеварлиги, ватанпарварлиги ва илмли, ақлли экани билан боғлиқ десак хато бўлмайди. Япония таълим тизими, уларнинг ўқитиш методлари мактабимизда синов тариқасида йўлга қўйилгани бизга катта масъулият юклайди, – дейди Шуҳратжон Эрматов.
Мактабнинг ижодкор ўқитувчиси
Ишчилар оиласида дунёга келган Шоирахон Ҳасанова мактабнинг энг намунали, ижодкор ўқитувчиси ҳисобланади. 2007 йил Фарғона давлат университетининг тарих факультетини тамомлаган Шоирахон дастлаб мактабда ўқитувчи вазифасида фаолият бошлаган. Ўзининг меҳнаткашлиги ва оқилалиги билан жамоада алоҳида ҳурмат қозонган Шоирахон 2013 йилдан мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимига тайинланиб, бу вазифани ҳам сидқидилдан бажариб келмоқда. Оилада ҳам, мактабда ҳам масъулиятли, талабчан. Унинг бошқа ўқитувчилардан афзаллиги сифатида кенг дунёқараши, китобхонлиги ва ижодкорлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Чунки Шоирахон замон билан ҳамнафас, ижтимоий тармоқларда фаол, 550 дан ортиқ обуначиларга эга “Дунёнинг ишлари” номли ижодий канал юритади. “Илгари ёзиш бизга эмас, ёзувчи бўлиш учун бошқача шахс бўлиши керак, деб ўйлардим. Аммо ижод қилиш истаги ҳануз кўнглимни тарк этмаган”, – дейди Шоирахон.
Касбий таълимга кўникма уйғотиб
Мактабнинг кўринишига эстетик жозиба бахш этган гўзалликлар яратувчиси, қўли гул, ҳунарманд, ижодкор устоз Мавлудахон Акбарова ҳақида қанча илиқ сўзлар айтилса кам.
Мавлудахон технология фани ўқитувчиси ҳамда мактабдаги қиз-аёллар кенгаши раиси. У ўқувчи қизларнинг одоб-ахлоқи, ўзбекона тарбияси, улар қалбида миллий қадриятларимизга бўлган ҳурмат туйғуси шаклланишига катта эътибор қаратади.




–Мактабдаги ўзгаришлар, янгиланишлар менинг иштиёқимни ошириб, яна изланишга, астойдил ишлашга ундамоқда. Кўриб турганингиздек, янги тикув машиналари берилди, барча керакли жиҳозлар билан таъминланди. Қизлар менинг фанимни жуда яхши кўришади, тикувчиликни жон деб ўрганишади. Улар билан мароқли дарс ўтамиз. “Моҳир қўллар” тўгараги ташкиллаганман, мактаб ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш мақсадида астойдил меҳнат қиляпмиз, – дейди қувноқлик билан Мавлудахон.
Япон тажрибаси қўлланаётган бу мактабнинг бошқа оддий мактаблардан яна кўпгина фарқи, афзалликлари бор. масалан, ўқувчилар ҳам, ўқитувчилар ҳам синфхонада юмшоқ шиппак кийиб юришади, бу уларга иссиқлик ва қулайлик беради.



Ўқитувчилар хонасида ҳар бир ўқитувчи учун ноутбук бор.











