Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Бувайдада 35 та маҳалла кўчалари асфальт қилинди

Қишлоқ кўчалари деганда икки томони теракзор тупроқ йўллар кўз олдингизга келади. Аммо бугун шундай обод диёрда яшаяпмизки, оёғи лойга ботиб мактабга борадига болани учратиш қийин. Илгари лой ва ўнқир-чўнқир бўлган қишлоқ йўллари бугун текис ва равон, автомобиллар қатнови учун қулай. Қишлоқ кўчаларида ҳатто алоҳида пиёдалар йўлаги ҳам қурилмоқда.

Бувайда туманида жами 892 км масофада ички йўллар мавжуд бўлиб, шундан 224,9 км қисми таъмирталаб эди.

  • Йўл таъмирлаш ишлари бўйича жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ПҚ-408 ҳамда “Ташаббусли бюджет” ва бошқа дастурлар доирасида 35 та маҳаллалардаги 110,2 км узунликдаги ички йўллар асфальтлаштириш ҳамда пиёдалар йўлаклари қуриш ишлари бажарилди, – дея маълумот берди туман ҳокимлиги мутахассиси Муҳсинжон Абдураҳимов.

Ўрта Қўнғирот МФЙнинг “Янги Ўзбекистон” кўчаси 900 метр, “Зумрад” кўчаси 900 метр, “Обод юрт” кўчаси 800 метр, жами 2.6 км масофадаги йўлга асфальт ётқизилди. Қўнғирот МФЙнинг “Ариқ бўйи” ҳамда “Ижодкор” кўчаларига 800 м, Тоғлиқ МФЙнинг “Барака” ва “Улуғвор” кўчалари таъмирланиб, 1.8 км масофага асфальт-бетон ётқизилди. Узумзор МФЙнинг “Узун” кўчасига 1 км, “Биринчилар” кўчасига 450 метр, “Гулистон замини” кўчасига 650 метр, “Ширин” кўчасига 900 метр асфальт ётқизилди. Озод МФЙ кўчаларига 6 км, Янгиҳаёт МФЙ кўчаларига 3 км, Шодлик МФЙ кўчаларининг сал кам 3 км қисми асфальт қилинди.

Шунингдек, Додхо, Қўрғонча, Юқориманғит, Понсод, Хонобод, Қорақум, Пошшопирим, Бегобод, Таррачи, Бештерак маҳалларидаги жами 78 км га яқин ички йўллар асфальт қилинди. Мактабга қатновчи болаларнинг йўл хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Қоратепа МФЙнинг “Муаллимлар” кўчасидан 15-мактабга олиб борувчи серқатнов йўл четига 500 метр, Беглар МФЙда 3-мактабга олиб борувчи катта йўл ёқасига 800 м, Юқориманғит МФЙдаги 22-мактаб йўлига 2 км, “Юксалиш сари” кўчасидаги 1.5 км, 26-мактабга олиб борувчи “Ўрта” кўчасига 1.5 км, жами 6.3 км масофага пиёдалар йўлакчаси қурилди.

Мазкур йўл қуриш ишлари Фарғона йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонаси, BEST STROY-2020 МЧЖ, FARNEFTSTROYSERVIS МЧЖ, BRIDGE ROAD ENGINEERING МЧЖ ҳамда Бувайда ТЙФ унитар корхоналари томонидан амалга оширилди. Келгуси йилларда туман ҳудудидаги қолган 120 км.га яқин ички йўллар ҳам таъмирланиши кўзда тутилмоқда