Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Бостомбува қумлари ҳақиқатан шифобахшми?

Бувайда туманининг Бостомбува қишлоғида шифобахш қум маскани бор. Ушбу маскан ёзнинг охирларида, айниқса, август ойида жуда гавжум бўлади. Асли чўл бўлишига қарамай, Бостомбува қумларига шифо истаб бутун бувайдаликлар ва хатто республикамизнинг бошқа худудларидан ҳам сайёхлар келишади.

Одамлар орасида “саратонда қумга кўмилиб, бутун дардларимдан фориғ бўлдим” ёки “оёқ оғриғидан қутулдим”, “боладаги энурез касаллиги (таг хўллаш)га қумли муолажалар даво экан” каби гап-сўзлар кўп айланади.

Иссиқ қумдан фойдаланиш иссиқлик билан даволаниш усулларидан бири ҳисобланиб, тиббиётда псаммотерапия деб аталади. Қум билан даволаш қадимдан мавжуд бўлиб, бугунги кунда бутун дунёда кенг қамровда ривожланмоқда. Тиббиётда организмни чиниқтиришда қум ванналарини қўллаш энг самарали усуллардан бири дея тан олинган.

Ҳатто Абу Али ибн Сино ҳам ўзининг “Тиб қонунлари” китобида “Агар қумнинг хусусиятларидан оқилона фойдаланилса, инсонда модда алмашинуви яхшиланиб, у кучли ва бардам бўлади. Бадандаги ортиқча ёғлар эрийди. Сурункали совуқлик ва бош оғриғи бартараф бўлиб, мия фаолияти мустаҳкамланади” деб ёзиб қолдирган.

Қум муолажаси йилнинг июнь ойидан то август ойи охиригача қуёш нурининг энг юқори иситиш соатида (14:00 дан 16:00 гача) амалга оширилади. Муолажа учун иссиқ қумнинг устки юпқа қатлами (0-5 см.) бўлиши керак. Умумий қум ванналарида беморнинг қўл-оёқлари ва танаси 5-12 см. 40-45 даражагача қизиган қум қатлами билан кўмиб қўйилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Бостомбува қумида шу пайтгача бирор фойдали модда аниқланмаган, лекин бу ердаги қум иссиқни ўзида яхши сақлайди ва уни организмнинг қон-томир ва бошқа тизимларига секин-аста етказиб беради. Иссиқ қум инсон танасини қоплар экан, тери, тери ости ёғ қавати ва тўқималарни ёқимли массаж қилади. Бунинг натижасида тери ва унинг остидаги тўқималарда капилляр қон айланиши ҳамда лимфа айланиши яхшиланади, орган ва тўқималарнинг кислород билан таъминланиши, тер безларининг фаолияти яхшиланади, бу эса тер ажралиши ҳисобига ортиқча тана вазни самарали камайишига олиб келади. Организмдаги омоддалар амашинуви ва оксидланиш жараёнлари барқарорлашади. Буйраклар ва сийдик ажратиш аъзолари, хусусан, сийдик қопи фаолияти яхшиланади. Ортиқча тана вазнига қарши курашишда ҳам иссиқ қум билан даволаш самарали ҳисобланади. Бунда инсоннинг юрак соҳаси очиқ қолдирилган ҳолда тананинг барча қисмлари қиздирилган қум билан қалин қилиб қопланади ҳамда шундай ҳолатда ярим соат ётилади.

Айни шу кунларда Бостомбува қишлоғи томонларга йўлингиз тушиб қолса, бу ердаги тумонат одамнинг қум муолажасини олаётганлигига гувоҳ бўласиз.

Биз ҳам бу масканга ташриф буюрганимизда соат уч яримлар эди. Қум сайли деганларича бор экан. Бу ердаги машиналарнинг тирбандлигидан қум тепасида одам ниҳоятда кўплигини пайқаш қийин эмас. Автомашиналарининг давлат рақамидан эса келувчиларнинг кўпчилиги республикамизнинг турли вилоятларидан, ҳатто қўшни республикалардан эканлиги билиш мумкин.

Турли-туман озиқ-овқат, яхна ичимликлар, зарур гигиена асбоблари, мева-чевалар билан савдо қилаётган савдо растачалари, бу ерга шифо излаб келаётган беморларнинг ҳар бирини атиги 2000 сўмдан кўмишга шай турган болакайлар, шифобахш шўрва-ю, кабобларга чақираётган ошпазу кабобпазлар эътиборимизни тортди. Бостомбувалик пазанда аёллар бири қовоқ сомса, бири манти, бири патир ёпиб ҳатто қум тепасигача олиб чиқиб меҳмонларга сотишаётган экан.

Ўзини шу қишлоқда яшовчи Жўрабек деб таништирган йигит тайёрлаган шифобахш шўрвани сўраб келувчилар кўплигини айтиб мақтанди: “Яқинда ўзим ҳам шу шўрвадан ичиб, уч кун қумга тушдим, биринчи куни қон босимим ошиб, ҳатто қишлоқ шифохонасигача бордим, кейинги кунлари мазза қилдим, қўл ва оёқларимдаги оғриқдан асар ҳам қолмади”.

Қум тепасида Тошкент вилоятининг Чиноз туманидан келган 82 ёшли Фотимахон ая АсқарованиБостомбува қуми ҳақида кимдан эшитгансиз?” – дея саволга тутдик.

Ота-боболаримиз бу ерни табаррук билишади. Улар чин ихлос билан бу ерга келиб шифо топиб кетишади. Менинг ҳам оёқларим оғрийди. Уч йил олдин яқинларимнинг тавсияси билан келиб адашмадим. Ёз келгач қум мавсуми бошланишини интиқлик билан кутаман. Бу йил келиним ва икки набирамни ҳам бирга олиб келдим. Дардларига шифо топишса яхши бўларди.

Ёшингиз анча катта экан. Жазирама иссиқда қийналмаяпсизми? – сўраймиз онахондан.

Ҳув анави хонадонга тушганмиз, -деди онахон қум тепалиги ёнгинасидаги хонадонга ишора қилиб.-Ҳамма шароитлар етарли. Кун исиши билан тепаликка чиқаман, юрагим бетоқат бўлса, ўзимни ёмон сезсам, тезда пастга тушиб дам оламан, салқинланаман, кейин яна тепага чиқаман.

Икки-уч йил олдин бўғимларимда қаттиқ оғриқ бўлиб, умуман юраолмай қолдим, кейин Бостомбуванинг шифобахш қумига тушиб оёқларимдаги оғриқ йўқолди. Мана, бу йил ҳам беш кундан буён умид билан шифобахш қумга тушгани келяпман. Ўзимни жуда ҳам яхши ҳис қиляпман, оёқларим анча яхши, бугун эрталабдан набира келинларга ҳовли юмушларига ёрдам бериб келдим, – дейди 77 ёшни қаршилаган учкўприклик Одинахон ая Аҳмедова.

8,5 гектарлик табиий ёдгорлик сифатида эътироф этиладиган ушбу қум барханлари вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инсипекцияси томонидан доимий назоратда бўлиб, қум мавсуми бошланишидан олдин у жойга турли эслатмалар осиб қўйилади ва аҳолига мунтазам равишда тушунтириш ишлари олиб борилади.

Айни кунларда Бостомбувада қум сайли авжида. Шифобахш қумга тушиш учун ҳамюртларимиз ҳеч қандай маблағ сарфламайди. Ушбу қум барханлари туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ходимлари томонидан доимо назоратда бўлади. Инспекция ходимлари қум барҳанидаги Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоб”ига киритилган ноёб ўсимликлар – йилғин, саксовул, тўронғил, қандим, черкез кабиларнинг ноқонуний кесилишининг олдини олиш, шу ҳудуддаги ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш бўйича барча зарурий чора-тадбирларни кўриб, мунтазам равишда назоратга олишади.

Тобора ноёблашиб бораётган ушбу шифобахш қум барҳанларини муҳофаза қилиш, уни асраб-авайлаш нафақат мутахассисларнинг, балки ҳар биримизнинг муҳим вазифамиз бўлиши шарт.