Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Атроф-муҳитни  мусаффо сақлаш барчамизнинг бурчимиз!

Бувайда туман экология ва атроф – муҳитни муҳофаза қилиш бўлими инспектори Л.ЮЛДАШЕВнинг қуйидаги мақоласини эълон қиламиз.

Ҳаммамиз шу табиат бағрида яшаймиз. Бугунимиз, эртамиз қандай бўлиши  атроф-муҳит билан чамбарчас  боғлиқ. Табиий муҳит соғлом бўлса, инсон ҳам саломат бўлади. Шундай экан, табиатни асраш, инсонни, унинг келажагини асрашдир, деб бемалол айтиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор берилмоқда.  Атроф-муҳит мусаффолиги ва экологик барқарорликни таъминлаш борасида ҳар йили ўтказиб келинаётган бир қатор тадбирлар диққатга  сазовордир. Шундай тадбирлардан энг аҳамиятлиси  бу  «Тоза ҳаво»  тадбиридир.

Бу тадбирда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси,  вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази маъсул ходимлари, «Ўздавнефтгазинспекция»  Фарғона  вилоят  бўлими  шунингдек, оммавий ахборот воситалари  вакиллари  ҳамкорлигида ўтказилди.

Тадбирни ўтказишдан  асосий  мақсад,  автотранспорт воситаларидан атроф-муҳитга ажралиб чиқаётган зарарли газларни  кескин камайтириш ва фуқароларнинг қонун талабларига риоя этишларини таъминлаш, ҳамда атмосфера ҳавосини мусаффолигини сақлашдан иборатдир.

Бугун автомобиль транспортининг «созлигини»  қатъий назорат қилишни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Автомобилларнинг техник ҳолати юқори даражада бўлмоғи зарур. Машиналар дудбуронидан чиқаётган зарарли ис гази миқдорини меъёрида сақлаш, карбюраторларнинг нормал ишлашини таъминлаш атмосфера ҳавосини асраш  демакдир.  Масалан, автомобил мотори бир режимда ишласа,  унинг дудбуронларидан чиқадиган  ис гази 1,5 % дан, 2-режимда ишласа 2,0 % ошмаслиги лозим.

Тадбир  давомида  автотранспорт воситаларини Вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси  давлат инспекторлари, йўл патрул хизмати ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан назоратдан ўтказилди.

Магистрал автойўллар, автошоҳ бекатлар ва албатта бекатлардаги умумий транспорт  воситалари турадиган  жойларда  назорат  ишлари олиб борилди.        

Тадбир давомида 500 дан ортиқ автотранспортлар назоратдан ўтказилиб, 17 та автотранспорт воситалари меъёрдан ортиқ зарарли газ чиқарилганлиги аниқланди. Уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. 

Изоҳ қолдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *