Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Икки нафар бувайдалик фуқаро муддатидан олдин озодликка чиқди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 августдаги “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни авф этиш тўғрисида”ги Фармонига асосан республика бўйича 286 нафар шахслар авф этилди.

Улар орасида икки нафар бувайдалик фуқаро ҳам муддатидан илгари авф этилиб, озодликка чиқарилди Инғирчоқ МФЙ Инғирчоқ қишлоғида истиқомат қилувчи У. Ашуров 2019 йил 18 ноябрь куни Фарғона вилояти судининг қарорига асосан ЖКнинг 244/1 моддасига билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.

Умиджоннинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш, ҳаётини тўғри йўлга солиш, фойдали меҳнатга жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишига кўмаклашиш мақсадида унинг хонадонига туман ҳокими ўринбосари Ғ. Мамажонов, Дин ишлари бўйича қўмитанинг туман бўлими бош мутахассиси Ф. Жўраев, Инғирчоқ МФЙ раиси К. Шербоев, ёшлар етакчиси А. Мелиқўзиевлар унинг хонадонига боришиб, тарғибот ва тушунтирув ишлари олиб боришди ҳамда ёрдам сифатида туман ҳокимлиги ҳузуридаги ижтимоий кўникма маркази томонидан ҳукумат қарорига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдоридаги бир марталик моддий ёрдам пули берилди.

Эндигина 27 ёшга кирган, 3 нафар фарзанднинг отаси Умиджон бошидан ўтган воқеалардан хулоса чиқариб, келгуси ҳаётини тўғри йўлга солиши, ҳалол меҳнат билан фарзандларига яхши тарбия беришини таъкидлади.

Шунингдек, Бувайда МФЙ Қум маҳалласида истиқомат қилувчи 2022 йил ЖКнинг 267-моддаси 2-қисми билан 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилиб, Президент Фармонига асосан авф этилган Н. Шералиев хонадонига ҳам борилди.

Унинг яшаш шароити билан танишиб, унга ҳам амалий ёрдам берилди.

Жорий йилнинг 8 ойи давомида жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган 46 нафар шахслар туман ҳокимлиги Ижтимоий кўникма маркази томонидан рўйхатга олиниб, уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, бандлигини таъминлаш, имтиёзли тиббий кўрикдан ўтказиш ишларида амалий ёрдам кўрсатилмоқда.