Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Ўзи ҳам, сўзи ҳам ўктам эди

Филология фанлари доктори Хуршид ДЎСТМУҲАММАД хотираномаси

…Бир гуруҳ қалам аҳли вақти-вақти билан дийдорлашиб турардик. Тоҳир Малик, Эмин Усмон жўрабоши. Ижод кишиларининг гурунги, дийдорлашуви баҳс-мунозарадан ҳоли бўлмаслиги табиий.

Мен ўзимни камтарин-камсуқум деб юрсам, бу борада мендан ҳам “зўри” бор экан. Кейинроқ разм солсам, Аъзам Ўктам мендан-да оғир табиатли, ҳар гап-ҳар баҳс юзасидан ирғиб чиқавермас, гапиришдан кўра тинглашни афзал биладиганлар хилидан экан. Лабининг бир чеккасида кулимсираб, бош тебратиб, жимгина ўтириши кўз ўнгимдан кетмайди. Лекин маъюслик аралаш ўйчан нигоҳларидан ичи тўла гаплиги сезилиб турарди.

 Кулса, чеҳраси ёришиб кетар, кулгисига қўшилиб серхаёл дунёсидан “бу” дунёга чиққандек бўларди. Аъзам ёшига хос бўлмаган даражада оғир- вазмин, сермулоҳаза, фикрчан йигит эди. Нигоҳи, сезгиси, туйғулари ниҳоятда нозик ва ана шу нозикликни ўхшатиб ифодаловчи ташбеҳу тимсолларга бой қалби, сўзи, ўзи ўктам шоир эди.

Йиллар ўтди, “Қирқинчи баҳор” деб номланган қалдирғочнинг патидек юпқа китобчасини ҳадя қилди. Ўша юпқа китобчадан ўрин олган шеърларни ўқиган одам муаллифнинг ким, қандай одам, қандай шоир эканлигини, тафаккур тарзини, эътиқоду мақсад- маслакларини ҳеч иккиланмай аниқлаштириб олади.

Аъзам қалами пухта, дунёқараши шаклланган шоир ўлароқ олам ва одам ҳақида, инсоннинг ҳаётдаги ўрни, муносабатлар мураккаблиги, қисмат сингари мангу саволларга жавоб излайди. Оила, фарзандлар, оталик бурчи, келажак савдолари, фарз ва суннат амалларига доир қарашларини ғоятда назокат билан мисрама-мисра шеърларига сингдиради. Кўнгилни пошшо, ўзини эса шу пошшога мирзо деб билади.

…2002 йилнинг 29 январи. Сешанба. Ногаҳон хабар кўнгилни вайрон қилиб юборди. Нима учун шундай танти, мард йигит, қалби ўктам шоир айни қирчиллама ёшида кетди? Нега?! …

Ҳар сафар “Қирқинчи баҳор”ни варақлаганда, Аъзамнинг “Ҳали ер остига эмасмиз лойиқ” деган мисраси эътиборимни тортади, шундай иқрорларини жўмардлик қилиб ёзган шоир дўстимиз бу ёруғ дунёни, ўша беғубор, ҳур ниятли сафимизни жимгина тарк этиб кетгани изтироблари ёдда қолди…