Сўнгги кунларда об-ҳавонинг кўтарилиши натижасида ёнғин чиққанлиги ҳақидаги хабарлар кўпайди.
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрининг буюм бозорида содир бўлган катта ёнғин туфайли барча вилоят ва туманларда буюм бозорлари кўздан кечирилмоқда ва ёнғинни олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Бу ҳақда ФВВ хабар бермоқда.
Бунданй тадбирлардан бири Бувайдада ҳам бўлиб ўтди. Туман ҳокими Беҳзоджон Ибрагимов туман марказида жойлашган кийим бозори ҳолати билан танишди. Бу ҳақда туман ахборот хизмати хабар беради. Туман ҳокими “Бувайда савдо комплекси” МЧЖ га қарашли савдо марказида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаётгани, тадбиркорлар томонидан қурилган ноқонуний қурилишлар оқибатида ҳудудда ҳаракатланиш бутунлай чекланиб қолганлигига гувоҳ бўлди. Энг ачинарлиси, ёнғин хавфсизлигини бартараф этиш техникаси яроқсиз, ҳовузда сув йўқ. Ўт ўчирувчи машиналар ҳудудга умуман кира олмайдиган даражага келган. Электр тармоқларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмаган. Бувайда туман ҳокими Беҳзоджон Ибрагимов юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича соҳа мутахассисларига алоҳида топшириқ берди.
Фақат бир савол туғилади, Қўқон бозорида ёнғин келиб чиққани балки яхшиликкадир? Чунки биргина шу фожеавий ҳолат қанчадан қанча бозорларни ўрганишга ва юз бериши мумкин бўлган фалокатларни олдини олишга чақирди.
Эҳтимол, туман ҳокими ҳам буюм бозорига бу яқин ўртада бормаган, бозордаги бундан ташқари ҳам талайгина бўлган воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлмаган ва тезкорлик билан амалга ошириш лозим бўлган ишларни қилмаган бўларди.
Бундан келиб чиқиб, таҳририят ўқувчига савол билан мурожаат қилади: сиз ишлаб турган ташкилот ёнғин хавфсизлигига қай даражада шай?









