Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Бувайда туманининг “Эшонбобо” жоме масжиди қурилиши якунланмоқда

Масжид ободлиги – юрт ободлиги
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Еттита иш борки, бандага, у вафот этганидан кейин қабрида ётганида ҳам ажри етиб туради: ким илм ўргатса ёки дарё кавласа ёки қудуқ қазиса ёки хурмо экса ёки масжид бино қилса ёки Мусҳафни мерос қилиб қолдирса ёки вафотидан кейин унга истиғфор айтадиган фарзанд қолдирса”.
Мўмин одам инфоқ-эҳсонлар билан масжидларнинг моддий ободлигини зиёда қилса, унда намоз ўқиб, маънавий ободлигини зиёда қилур.
Юртимизда кўплаб масжидлар кундан-кунга обод бўлмоқда. Улар замонавий шаклда таъмирланиб, чиройли ва қулай ҳолатга келтирилмоқда. Бу каби хайрли ишлар диний қадриятларимизга бўлган улкан эътиборнинг натижасидир.
2021 йил Бувайда тумани маркази Янгиқўрғон шаҳарчасидаги “Эшон бобо” жоме масжиди бутунлай бузиб ташланиб, янгитдан қурилиши бошланган эди.

Мазкур қурилиш ишлари, мана, бу йил якунига етай деб қолди. Туманимизнинг кўплаб аҳолиси бу йилги Қурбон ҳайити намозини янги масжидда ўқидилар. Аввалги эски масжид атиги уч мингтагача намозхонни сиғдира олган бўлса, янги масжид бағрида ўн мингдан ортиқ намозхон ибодат қила олади.

Таъкидлаш жоизки, қурилиш ишларига энг моҳир уста ва муҳандислар жалб этилди. Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрати билан меҳнат қилишди. Ва бу улуғ ишларини ҳормай-толмай давом эттиришмоқда. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.

“Эшонбобо” жоме масжиди ўзининг муҳташам кўриниши, Бувайда осмонининг ердаги мовий юлдузлари янглиғ олдисдан ҳам кўзга ташлангувчи гумбазлари, осмонўпар миноралари кўнгиллардаги шукроналик туйғусини ошириб, кўрган кўзни қувнатади. Жаранглаб янграйдиган муборак азон товуши қалблардаги ғашликни, ҳасадни қувиб, барчани ибодатга чорлайди.

Масжид тарихи ҳақида, Оллоҳ насиб қилса, кейинроқ сизга батафсил маълумот бераман. Совет даврида “Эшон бобо” номли бу масжид бузиб ташланиб, унинг ўрнига тиббиёт муассасаси қурилган. Уларнинг мақсади, ҳозир ҳеч кимга сир эмас, ўзбекларни динидан, имонидан айириш орқали ўзларига қарам қилиш эди. Аммо орадан маълум йиллар ўтгач, қанчалик тахликали бўлмасин, масжид ўрнини сақлаб қолиш, кейинчалик қайта тиклаш мақсадида (тахминан 1987-88 йилларда) айнан шу жойга Абдуллаҳат Турғунбоев номида Шарқ юлдузи жамоа хўжалигининг 3-бригадаси учун дала шийпони қурилган. Мустақилликдан кейин аста-секинлик билан саҳоватли инсонлар, ҳомийлар кўмагида кенгайтирилиб, масжид ҳолига келтирилган,- дейди масжид мутаваллийси Одилжон Юнусов.

Янги бунёд этилган “Эшонбобо” жоме масжидининг аввалгиси билан нафақат ташқи кўринишида, балки ички шароитлари, қулайлиги борасида ҳам жуда катта фарқ бор. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, янги масжидда аёллар учун алоҳида намозхона ташкил этилган.

Масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Зеро, бу ерга ибодат учун келган ҳар бир намозхон юрт тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб дуо қилади.