Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Қодир Деҳқон

Бувайда ижодиёти асосчиси, шеърият борасидаги биринчи устоз дея эътироф этиладиган Қодир Деҳқон ҳақида унинг ўғли Акрамжон Деҳқонов хотиралари билан танишинг.

Менинг дадам Қодиржон Деҳқонов 1936 йилда Фарғона вилояти Бувайда туманининг Ҳасанқўрғонча қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Дадамнинг отаси, 1903 йилда туғилган Деҳқонбой бобом 1941 йил урушга кетади. Дадамлар уйда онаси, 11 ёшли опаси ва 7 ёшли Абдухалил деган акаси билан тўртовлари қолишади. Дадамнинг акаси очликдан вафот этади. Бобом 1943 йил урушдан ярадор бўлиб қайтиб қайтиб келади.

Дадам қишлоқдаги саккиз йиллик мактабни битириб, 1956 йилларда Қибрай туманининг Яланғоч қишлоғидаги агротехникумда ўқиган. 1962 йилда Н. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомчилик институтининг драма-театр актёри факультетини битирган. Театрда дадам Ўзбекистон халқ артисти Тошхўжа Хўжаевнинг гуруҳида Толиб Каримов, Тўғон Режаметов, Ширин Азизовалар билан бир гуруҳда ўқиган. Институтни битиргач, икки йилча Қўқон театрида ишлаган. Кейинчалик Қўқон шаҳрида чиқадиган “Янги Фарғона” газетасида ишлайди. Сўнг “Ёш ленинчи” газетасининг Фарғона водийси бўйича мухбири бўлиб хизмат қилган. Бу йилларда дадам водийнинг уч вилоятини кезиб чиққани учун кейинчалик ҳам Фарғона, Андижон, Наманган вилоятларини жуда яхши билар эди. 1970 йилларнинг бошида Фарғона вилоят ҳокимиятида ишлади. 1974 йилдан ўзи туғилган Бувайда туманининг газетасида бош муҳаррир бўлди. Кейинчалик туман ижроия қўмитаси раисининг бошлиғи бўлиб ишлади. Дадам 1989 йилда вафот этган.

Дадам ёшлигидан бошлаб шеърлар ёзган, шеърлари вилоят, республика нашрларида чоп этилган. Иккита шеърий тўплами нашр этилган. Дадам жуда шинаванда, гапга чечан, ошна-оғайнилари жуда кўп инсон бўлиб, дўстликнинг қадрига етар эди. Завқий, Ҳазиний, Усмон Носир шеърларини севиб ўқирди. Халқ артисти Наби Раҳим дадамни жуда яхши кўрар, қачон Қўқонга келса, дадамни чақиртириб олиб, бирга олиб юрар, “Қодир” дея сенсираб гапирарди. Дадам истеъдодли актёр Тўғон Режаметов, Толиб Каримовлар билан қалин дўст эди. Тўғон Режаметов фожеали вафот этишидан олдин, 1982 йилда янги олган “Жигули” машинасида уйимизга келиб, ётиб қолганини эслайман. Тилшунос олимлар Миразиз Миртожиев, Ёрмат Тожиев, Низомиддин Маҳмудовлар билан жуда қалин эди.

Ёзувчи Ўлмас Умарбеков билан дўстлиги бор эди. Ўлмас Умарбеков катта лавозимларда ишлагани учун олдига кўп боргани тортинарди.

Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфилар Фарғонага бориб қолишса, дадам уларнинг хизматида бўлар, уларнинг мухлислар билан учрашувларини ташкил қилишда бош-қош бўлар эди.

Истеъдодли шоир, раҳматли Аъзам Ўктам дадамнинг шогирди бўлиб, қачон Фарғонага борса, албатта, дадамни кўргани келар, икковлари тонготаргача суҳбатлашиб ўтиришар эди.

Акрамжон Деҳқонов

Шеърим

Нафасингда атр эмас, олов бўлсин,

Муз қалбларни ёндирмоққа қалов бўлсин.

Розимасман ташналарни қондирмасанг,

Ҳўл ўтиндек тутаганни ёндирмасанг.

Қадамлари гурсиллаган сафларда бўл,

Қайга борсанг гуллар сенга очсинлар йўл.

Орзуларга қанот бериб йўл очаман,

Оқ фотиҳа бермоқ учун қўл очаман.

Шеър демасман оташ нафас уфурмасанг,

Уфқларда манзилим деб югурмасанг.

Қалбдан чиқиб қуш бўлсанг гар сайроқ бўлгин,

Замондошлар боши узра байроқ бўлгин.

* * *

Дунё кашф этаман ўзимча мен ҳам,

Шундай бир дунёки чексиз, сарҳадсиз.

Кел дўстим, ушбу дам ёнимга сен ҳам.

Менинг оламимда мўъжиза ҳадсиз.

Дунё кашф этаман мен ҳам ўзимча,

Шундай бир дунёки ажиб, мухтасар.

Агар ишонсангиз менинг сўзимга,

Бу дунё оламда энг созу басар.

Гўдакдек беғубор, қор каби тоза,

Бағри кенг ҳудудсиз осмон мисоли.

Арзийди замонлар олса андоза,

Бунда яшаганнинг кулар иқболи.

Унинг остонасин ўтолмас ҳатлаб,

Кимда-ким бўлмаса покиза туйғу.

Унда ҳукмрондир энг олий матлаб,

Ишқсиз қалбин асло йўлатмайди у.

Менинг оламимга кел эй дилрабо,

Уни кашф этгунча кўп куйиб-пишдим.

Яшаб кўр сен унда, ажиб бир маъно,

Шу менинг жаннатим, шудир беҳиштим.

У бир сўзонадир ранглардан тизиб,

Яратганман, аммо қуроқлари бор.

Милён йил тоғларнинг бағридан сизиб

Оққан зилол каби булоқлари бор.

Агар ёзсанг, аё дўстим, юрак қонинг билан ёз,

Қўшиб жону жаҳонингни азиз жонинг билан ёз.

Агар бағрингда дард йўқдир қаламни олма ҳеч қўлга,

Амалга ошмагай орзу, дил армонинг билан ёз.

Асл ўзбеклигинг ман-ман деган шеърингда акс этсин,

Ғуруринг, номусинг, оринг, шараф-шонинг билан ёз.

Қадоқ қўлли замондошинг ки илҳом манбаи бўлсин,

Кўнгилда аллалаб юрган чин имонинг билан ёз.

Фикр инжулари бирла сўзингни мухтасар айла,

Ёрилсин қалб аро тўфон ва исёнинг билан ёз.

Бўлиб сархуш узун тунлар ки ёлғизлик ружу қилса,

Саҳарда уйғотиб ширин сухандонинг билан ёз.

Хуш илҳом чоғида Қодир рақиб заҳмини ёд этма,

Дилингга энг яқин, эзгу дилистонинг билан ёз.

Мирза Бобурман

Ўз юртин тарк этиб Ҳиндга юзланган,

Баҳори бемаврид сўниб кузланган,

Ҳешлардан алданиб роса тузланган –

Мирзо Бобурман.

Оғуни алмашиб қанду асалга,

Охир таслим бўлиб тақдир азалга,

Дардларини тўккан шеъру ғазалга, –

Мирзо Бобурман.

Шоҳлик қолган экан бобомдан мерос,

Не қилсам қилдимки темурийга хос,

Қўлида ўйнатган қилич, қалам, соз –

Мирзо Бобурман.

Деҳқон ўғли бўлиб туғилмадим мен,

Бўғилсам, юртимда бўғилмадим мен,

Саодат нурида йўғрилмадим мен –

Мирзо Бобурман.

Самарқанд ҳолини сўролмай кетган,

Юртига юзини буролмай кетган,

Устоз Алишерни кўролмай кетган –

Мирзо Бобурман.

Бир тилим қовунга ташна жон берган,

Ватан ҳавосига кўксини керган,

Мусофир юртларда ризқини терган –

Мирзо Бобурман.

Уруғ-аждодидан қалтис еган панд,

Падар бузрукворим ютди-ку Шаҳанд,

Орзу-армонида қолган Самарқанд –

Мирзо Бобурман.

Куйлаган Фарғона вилоятим деб,

Йўл босган Шом томон ҳимоятим деб,

Тузиклар туздирган ҳикоятим деб –

Мирзо Бобурман.

Елдиримдек ўтган кўҳна Ҳиротдан,

Гоҳо таскин топган қирғин-баротдан,

Йўлбарсдек сакраган не филсиротдан –

Мирзо Бобурман.

Ёзмишман кўнглимни таҳ-батаҳ қон деб,

Элимда гадолик қилардим жон деб,

Буюк Ҳинд сиғинган шоҳи султон деб, –

Мирзо Бобурман.