Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Ижод мактабида фақат ижод қилинмайди – Камолахон Арабжонова

Камолахон Арабжонова – Бувайда тумани Хонобод қишлоғида туғилган. Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номли ижод мактабининг 10-синф ўқувчиси.

  • Кўплаб инсонлар ижод мактабларида фақат ижод қилишади, бошқа соҳаларга унчалик эътибор берилмайди, деб ўйлашади. Лекин мен 2 йил мобайнида бу фикрлар нотўғри эканига амин бўлдим,дейди Камолахон. – Ижод мактаблари ўқувчининг нафақат ижодий қобилиятини, балки дунёқарашини кенгайтиради, она тили ва адабиёт билан бирга инглиз тили, тарих фанларини мукаммал ўргатади. Энг муҳими, устоз ва мураббийларнинг бизга берган тарбияси, меҳри биз ўқувчиларни ҳар вақт ўқишга, юксак марраларга эришишга ундаб туради.
    Ижод мактабларининг оддий мактаблардан катта фарқи бор. У ердаги муҳит, фанларнинг чуқурлаштирилиб ўқитилиши, Халқаро ва миллий сертификатларга ўқувчиларнинг жалб этилиши эътиборга арзийди. Мен айнан шу мактабда олган билимларим туфайли SEFR B2 сертификатини қўлга киритдим. Энди халқаро сертификатларини олиш учун тайёрланмоқдаман.

Мактабда ўқувчилар учун қулай шароитли ётоқхона ва ошхона мавжуд. Дарсдан кейин бепул тўгараклар ташкил этилган. Масалан, веб дизайн, компьютер графикаси, драма ҳамда турли тил тўгараклари ўқувчилар билимини оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари ҳафта давомида турли ижодий кечалар, тадбирлар ташкил этилади.

  • Келажакда Юридика университетида ўқиш ҳамда ватанимиз учун керакли инсон бўлиш олий мақсадим ва бунинг учун астойдил билим олмоқдаман. Ўқиш билан бирга таржима ва шеърият йўналишида ижод қиламан. Идеалимдаги инсон – Саида Мирзиёева. Келажакда у каби бўлишни хоҳлайман. Ота-онам дуоси ва устозларим бераётган билим орзуларим рўёби учун пойдевор бўлади. Қолгани омад ва меҳнатга боғлиқ. Тенгдошларимга доимо изланишда бўлишларини, илм олишдан ҳеч қачон чекинмасликларини, юксак орзулар қилишларини тилайман.

Қадрдон ҳовли

Ўша ҳовли, қадрдон ҳовли,
Болалигим эслатар ҳар он.
Айвончада турар бир сўри,
Болалигим ўтган шўх-шодон.

Ўша ҳовли, қадрдон ҳовли,
Узумлар ўз ҳолидан сармаст.
Эртакларни ёдимга солиб,
Беданалар сайрар қасдма-қасд.

Ўша ҳовли, қадрдон ҳовли,
Қалдирғочлар овози таниш,
Қучоқ очган укаларимдек
Келдингми, деб қилишар хониш.

Ўша ҳовли, қадрдон ҳовли,
Бувижоним меҳрига тўлган.
У мен учун ғоят ардоқли,
Ёшликдаги кичкина Ватан!

✍️ Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабининг 10-“б” синф ўқувчиси Камолахон Арабжонова