Бувайда тумани 1-умумий ўрта таълим мактабида туман ИИБ ҳамда маҳалла ҳамкорлигида оталар йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишга мактаб ўқувчиларининг фақат оталари (дадаси, бобоси ёки амакиси) таклиф қилинди. Шунингдек, Маънавий-маърифий ишлар бўйича туман ҳокими ўринбосари Бобуржон Жўраев, Дин ишлар бўйича қўмитанинг туман бўлими раҳбари Фарҳоджон Жўраевлар иштирок этишди.
Мактаб-оила ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, намунали ўқувчиларнинг оталарига ташаккур изҳор этиш, вояга етмаганлар ўртасида содир бўладиган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бўлиб ўтган мазкур йиғилишда фарзанд тарбиясидек муҳим ишни кечиктириб бўлмаслиги, барча кўнгилсизликлар болага беэътиборлик оқибати экани ҳақида қимматли фикрлар айтилди. Ҳамда оталар фарзанд учун энг намунали инсон бўлиши ҳақида ибратли видеоролик намойиш этилди.










