Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Бувайда туманида пиёдалар йўлагини эгаллаб олган тадбиркор уни бўшатишни хаёлига ҳам келтирмаяпти


Имон, инсоф, ҳалол-харом, бировнинг ҳаққи каби тушунчалар бобою бувижонларимиз ўгити орқали қулоғимизга қуйилиб, онгимизга сингдириб келинган. Бугунги демократик даврда эса инсон ҳуқуқлари тушунчаси устувор.

Аммо минг афсуски, исломий қадриятларимизни ҳам, инсон ҳуқуқларини ҳам поймол этиб, бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган, ўзгаларга малол келишдан ҳеч истиҳола қилмайдиган кишилар бор.

Таҳририятимизга обуначиларимиздан тез-тез шикоятли мактублар келиб туради. Бугун улардан бирини ҳавола қилмоқдамиз. Зеро, бошқалар ҳам ўринли хулоса чиқаришлари учун.

Фаррғона вилояти, Бувайда тумани, Хитой қишлоғида йўл ёқасига ўринсиз қурилган гўшт дўкони кўплаб одамларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Аҳолининг йўл хавфсизлиги ва болаларнинг мактабга қатнаши учун қулайлик мақсадида қурилаётган пиёдалар йўлакчаси гўшт дўконига етганда тўхтаб қолган. Дўкон эгаси йўлни бўшатишни хаёлига ҳам келтиргани йўқ. Наҳотки, бундай ўзбошимча, халқ ҳаққидан қўрқмайдиган тадбиркорларнинг танобини тортиб қўядиган кимса бўлмаса? Қонун устуворлиги қаерда қолди?

Маҳалла аҳли келишиб, сўнги чора сифатида ОАВдан ёрдам сўраган. Тез кунда My5 телеканалининг мухбирлари ҳам келиб қолса, ажабмас. Мақсад, кимнидир айбдор қилиб, дунёга жар солиш эмас, мақсад – ечилмаётган муаммони ҳал қилиш.

Кўзни каттароқ очиб қаралса, Бувайдада бу каби йўл устига қурилиш қилган, йўлни эгаллаб олган тадбиркорлар жуда кўп. Назоратсизлик, пули кўпнинг хоҳиш-истагига ҳеч кимнинг қарши чиқолмаслиги, оддий халқ ҳақққидан қўрқмаслик, пиёдар ҳуқуқини менсимаслик… яна кўплаб сабабларни санашимиз мумкин.