Собиржон Отабоев 1949 йил 12 мартда Бувайда тумани Деҳқонобод қишлоғида туғилган. 1976 йилда Қўқон давлат педагогика институтини тамомлаган. Туман ҳокимлиги ва ва ҳокимлик тизимидаги бир қатор лавозимларда фаолият юритган. “Бувайд кўзгуси” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаган. Туман тарихи, муқаддас қадамжолари, диққатга сазовор жойлари ва бошқа мавзуларда кўплаб мақолалари чоп этилган.
Унинг “Иқрор” шеърлар тўплами (1994), таниқли шоир Аъзам Ўктам ҳаёти ва ижодига доир “Аъзам ва ўктам шоир” (2021), “Топган-тутганларим” (2022) китоблари чоп этилган. Шунингдек, профессор Февзи Якубовнинг “Эзгуликка қўйилган ҳайкал” китобини рус тилидан таржима қилган. Шоҳ Ҳаким Холиснинг “Маноқиби Шоҳи Жарир” рисоласини араб алифбосидан кирилл алифбосига ўгириб, тадбил қилган.

ВАТАН МАНЗУМАСИ
ЎЗБЕКИСТОН – ҲУР ДИЁР
Ўзбекистон ҳур диёр, жаннат макондир,
Мустақиллик унга ёр, халқи омондир.
Кўрдим дунё юзини муқаддас тупроғида,
Меҳри оқар жисмимда томирда қондир.
Ватан сўзи мен учун гўё эт-тирноқ,
Айрилмасман ҳеч қачон танамда жондир.
Бобо қуёш тафтидан яшнар бу олам,
Ҳар бир қарич ерлари бойликка кондир.
Тупроғин ўп, кўзга сурт, айлаб мисли тўтиё,
Қалбда бўлса заррача тоза иймондир.
Шундай Ватан бор бўлсин, токи бор жаҳон,
Фидо қилсанг арзийди юз мингта жондир.
МЕҲР ОЛАМАН МЕҲРИНГДАН
Осмон ўпар тоғларинг,
Серсаховот боғларинг,
Мени қучган чоғларинг,
Меҳр оламан меҳрингдан.
Ватан ~менинг ардоғим,
Суянган ишонч тоғим,
Момо ерим, тупроғим,
Меҳр оламан меҳрингдан.
Сен туққаним ~ онамсан,
Тенги йўқ ягонамсан,
Бошпанам~нур хонамсан,
Меҳр оламан меҳрингдан.
Ўзбекистон ҳур диёр,
Сендек гўша қайда бор,
Фарзандингман бахтиёр,
Меҳр оламан меҳрингдан.
Кўзларимга тўтиё,
Айлай тупроғинг гўё,
Қўшиғим эмас рўё,
Меҳр оламан меҳрингдан.
Бўлай дейман муносиб,
Бағрингга бағрим босиб,
Аллоҳ айласин насиб,
Меҳр оламан меҳрингдан.
ДАВРАНИ КЕНГРОҚ ОЛИНГ
Даврани кенгроқ олинг,
Машшоқлар созни чалинг.
Раққосалар ўйнасин,
Бахт ялласин куйласин.
Тинчлик ҳоким фаравон,
Халқимиз хуррам, омон.
Бундай Ватан қайда бор,
Юртимиз Ўзбекистон.
Ҳавасла боқар хайрон,
Бизларга жумла жаҳон.
Бунёдкорлик авжида,
Меҳнаткаш ҳамма инсон.
Устундир дин диёнат,
Барчада яхши ният.
Дунёга юз тутганмиз,
Аллоҳ қилиб иноят.
Мустақиллик бахтимиз,
Доим чоғдир вақтимиз.
Париж, Римдан қолишмас,
Тош шаҳар – пойтахтимиз.
Барқ урар илму урфон,
Ижодкор ҳар бир инсон.
Спортда ҳам ўзбеклар,
Бўлмоқда донги достон.
Фарғонаю Андижон,
Гуллар шаҳри Намангон.
Саҳовотли боғлари,
Ҳудди жаннатдан нишон
Нур сочар юрт қуёши,
Тўкмас биров кўз ёши.
Зафарларга чорлайди,
Бизни доно юртбоши.
Даврани кенгроқ олинг,
Машшоқлар куйни чалинг.
Раққосалар ўйнасин,
Бахт ялласин куйласин.
ВАТАН
Онам десам камдир у,
Онамга ҳам онасан.
Ўзбекистон Ватаним,
Оламда ягонасан.
Кўрдим дунё юзини,
Муқаддас тупроғингда.
Ўлсам кекрак сўзсиз мен,
Айрилсам фироқингда.
Ҳар кимга ҳам азиздир,
Ўз юрти, ўз диёри,
Аммо, яна қайда бор,
Ўзбекистон баҳори.
Дарак берар азмингдан,
Дарёларинг, тоғларинг.
Эртакдир кўп халқларга,
Жаннатмисол боғларинг.
Меҳр билан улашар,
Бобо қуёш тафтини.
Булбул куйлар мадҳингни,
Табиатинг мафтуни.
Ноз-неъматнинг конидир,
Момо ерим – масканим.
Хазинадир туганмас,
Хар қадамим – босганим.
Ватан, мендан рози бўл,
Яролсам гар корингга,
Таъзимдаман бир умр,
Шукрлар деб борингга.
ТАСАДДУҚ
Она юртим, сенга бу жон тасаддуқ,
Жоним надур балки жаҳон тасаддуқ.
Сенга борим баҳш айладим эт марҳабо,
Гарчи мен бир ожиз нотавон тасаддуқ.
Ҳар соатда бўлайин бошинга қурбон,
Равнақинга замон-замон тасаддуқ.
Бердинг имкон, истиқболим бўлди равшан,
Кўзим нурин айладинг равон тасаддуқ.
Куйладим мен мадҳингни Собир,
Йўлинга деб бор хонумон тасаддуқ.
БОБУРГА ТАТАББУ
Ким билур юрт қадрини, андин айро бўлмаса,
Бўлмайгай шаккар ширин кўнглинга жо бўлмаса.
Булбул учун афзал тикон, олтин қафасдин кўра,
Ўзга юртда эл эмас, ким ақли бежо бўлмаса.
Четдаги “жаннат” ни қўй сев Ватанни қалб била,
Ватан ишқи ишқ эмасдир қалбда танҳо бўлмаса
Собиро, бир сўз дедим чин муҳаббат, ихлос ила,
Кечмам Ватандан токи бош тандин жудо бўлмаса.
Собиржон Отабоев.









