Бувайда туманининг Бувайда қишлоғида яшовчи Мухтасар Умарова тадбиркорлик билан шуғулланади. Асли касби математика ўқитувчиси бўлган Мухтасар тадбиркорликни қайнонасидан ўрганган. Ҳозирги кунда 16 нафар хотин-қизларни иш билан таъминлаб, ўз фаолиятини янада кенгайтириш учун ҳаракат қилмоқда. У ишчилари билан тайёрлаган аёллар кийимларини четга, жумладан, Украинага ҳам экспорт қилар эди.
Мухтасарнинг украиналик мижозлари тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш учун уни ва оиласини Украинага чақириб олади. Мухтасар Умарова Украинада яхши яшаганлигини, украинлардан ҳеч қандай ёмонлик кўрмаганлигини ҳаяжон билан сўзлаб берди:
– Украинага аввало, тадбиркорлик фаолиятимизни янада ривожлантириш, қолаверса, ўғлимни тиббиёт соҳасида ўқитиш мақсадида борган эдик. Украинада тиббиёт соҳасининг яхши мутахассиси бўлиб чиқади, деб эшитгандик. Турмуш ўртоғим билан бирга бу ерда ҳам ҳозиргидек аёллар халати тикиб, уни сотувчиларга берардик. Ўғлим ўқишга тайёргарлик кўра бошлади. Шу орада уруш бошланиб қолди.
Мухтасарнинг сўзларига қараганда, украинлар жуда меҳр-оқибатли халқ бўлиб, уларга сира ёмон гапирмаган. Ҳамма юртнинг ўз урфодатлари бўлганидек, украинларнинг ҳам ҳавас қилса, ибрат олса арзигулик урф-одатлари бор. Автобус, трамвайларга чиқсангиз кичкина болага ҳам жой бўшатиб, ўтирғизиб қўяди, бирор савол билан мурожаат қилсангиз ҳеч оғринмасдан тезда жавоб беради. Украинада Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта толали матоларга талаб юқори бўлиб, шу матолардан тикилган кийимлар харидоргир. Улар Ўзбекистоннинг пахтадан бўлган матоларини килолаб сотиб олиб, бу матолардан спорт кийимлари, тунги кўйлаклар тикиб сотувга чиқарар экан.


Шунинг учун ҳам қўлида гулдек ҳунари бор қаҳрамонимиз тадбиркорлик фаолиятини давом эттиришга қийналмади. Мусофир одам юртидан борган маҳсулотларни кўрса энтикиб, фахрланиб кетади. Мухтасар ҳам юртимиздан борган қовунларнинг устига “Ўзбекистон” деб ёзиб қўйишганини кўриб, юрагида фахр-ифтихор туйғулари уйғонганлигини айтди.
–Украинларнинг имконияти чекланганларга бўлган инсоний муносабатлари жуда юқори даражада экан, – дейди қаҳрамонимиз биз билан суҳбатда. -Биз ўша ердаги супермаркетдан савдо қилардик. Ҳар ойда имконияти чекланганларни шу супермаркетга олиб келиб тадбир қилар, уларни турли тансиқ таомлар билан сийлашар, тадбир якунида совға-саломлар беришар экан. Бундан ташқари, улар жуда болажон бўлиб, айниқса ёш болаларни жуда яхши кўрар экан. Буни болалар учун барпо этилган саноқсиз ўйингоҳлардан ҳам англаса бўлади. Икки тарафдаги қўшним ҳам украин аёллари эди. Улар ҳам жуда меҳрибон, меҳмондўст, айниқса мусофирларга ёрдам қўлини бажонидил чўзадиган инсонлар эди. Украинлар ҳам қўшничиликни жуда яхши қиладиган халқ экан. Бизда “қўшнининг бозори-қўшни”, деган мақол бор. Уларда ҳам худди шундай экан. Бирор маҳсулот сўраймизми ёки иш қуроли сўраймизми дарҳол қўлимизга тутқазиб, қандай ёрдам бўлса тортинмай айтаверишимизни такрорлашарди.
Мухтасар уруш бошланган кунни шундай хотирлайди:
– Телеграмм каналларда уруш бўлар экан, тайёргарлик кўриляпти экан, деган хабарлар тарқалди. Биз ишонмадик. Кўпчилик “Бу ерда уруш бўлмайди, катта электр станцияси, атом энергияси бор. Портласа, оқибати ёмон бўлади” деб юришди. Биз ҳам уруш бўлмайди, ёлғон хабарлар бўлса керак деб ишондик. Бирдан уруш бошланиб кетди. Ҳамма қочган, йўллар тўла, ҳамма ертўлага тушган. Уруш бўлиб қолганлиги учунгина юртимизга қайтдик. Қисқа вақт ичида уруш бўлган жойлардаги вайроналарни, бошпанасиз қолган аҳолини, кўчаларда ётган минглаб жасадларни кўриб даҳшатга тушдик. Худо сақласин, бунақа урушдан. Юртимизда доимо тинчлик бўлсин.
Уруш бошланганига беш кун бўлганида “телеграмга расмларингизни ва паспортларингизни ташланглар, юртимизга қайтиш учун Президент ёрдам берар экан”, деган гаплар тарқалди. Оиламиздаги ҳамманинг ҳужжатини ташладик. Ҳақиқатдан ҳам бизни Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси ходимлари ҳамда мамлакатимизнинг махсус одамлари олиб келишди, – дейди Мухтасар.
У ертўлада бир нечта миллат вакиллари билан бирга жон сақлаган ўзбекистонликлар биринчи бўлиб уруш ўчоғидан эвакуация қилинганлигини, бунинг учун Президентимиздан миннатдор эканлигини айтиб ўтди.
– Биз Украинадан чиқиб кетаётганимизда ёнимиздаги бошқа миллат вакиллари , “қаерга кетяпсизлар?”, дея хавотир билан сўрашди. Биз уларга “эвакуация қилиняпмиз, қутқариляпмиз, бизни Президентимиз қутқаряпти” десак, улар бизни ҳавас билан кузатиб қолишди. Бизни юртдошларимиз чегарада кутиб ўтирган экан. Ҳатто, биз учун бепул озиқ-овқатлар, қайноққина чойлар тайёрланибди. Ҳаммаси бепул.
Мухтасар Украинада турмуш ўртоғи, икки ўғли, қайнсинглиси билан бирга яшаган. У уруш бошланмаганида ўғлини тиббиёт институтида ўқитиб, узоқ йиллар ўша юртда яшамоқчи эди.
– Биз қисқа бўлса ҳам урушнинг вайронгарчиликларини, етим қолган болаларни, боласи жасадини қучган оналарни кўрдик. Юрагимиз увишди, дилимиз вайрон бўлди. Ҳеч кимнинг бошига бундай мудҳиш кунлар тушмасин. Ҳеч бир юртда уруш олови ёқилмасин, – дейди Мухтасар.
У ертўлада бир нечта миллат вакиллари билан бирга жон сақлаган ўзбекистонликлар биринчи бўлиб уруш ўчоғидан эвакуация қилинганлигини, бунинг учун Президентимиздан бир умр миннатдор эканлигини айтди.









