Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Марғилонлик Расулжон Мирзааҳмедов атлас ва адрас музейи очмоқчи

Марғилон – ҳунармандлар ўлкаси сифатида танилган гўша.

Бу масканнинг ёшу қариси бирор ҳунар билан шуғулланади. Шаҳар “Буюк ипак йўли”да жойлашганлиги учун қадимданоқ савдо карвонлари қўниб ўтадиган жой бўлган. Марғилон дейилганда одамларнинг кўз ўнгига ранг-баранг нақшлар билан безалган, камалакдек сержило атлас ва адрас матолари келади.

Марғилондаги Саид Аҳмад Хўжа эшон мадрасаси маданий мерос объекти ҳисобланади. 2007 йили бу ерда Ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази ташкил этилган. Бу марказга бугунги кунда таниқли устазода ҳунарманд Расулжон Мирзааҳмедов раҳбарлик қилмоқда.

Расулжон Мирзааҳмедов атлас ва адрас музейини очмоқчи, занданачи матосини қайта тикламоқчи.

2017 йили марказ Юнеско томонидан маданий мерос рўйхатига киритилган. Бундай марказлар Осиё, Тинч океани минтақасида  Хитой, Индонезия ва Ўзбекистонда бор холос.

Уста-ҳунарманд атлас, адрас тўқиш технологиясини Афғонистон, Қирғизистон ва Америкада ҳам кўрсатиб келган.

  • Мирзааҳмедовлар оиласи, Худо раҳмати дадам Турғунбой Мирзааҳмедов Марғилоннинг катта устаси бўлган. Дадам стандартларни бузиб, музейларда нусхаларни қайта тиклаш ишларини олиб борган. Атлас, адрас ва шойи матоларини қайта тиклаш  билан шуғулланганлар. Ўша пайтда 1997-1998 йилгача Марғилон бозорларида фақат хонатлас сотилган ва ҳеч ким унинг нақшига қарамаган. Фақат ўлчамига қараб сотиб олишган. Яъни ҳар бир аёл хонатласни қўли билан қаричлаб ўлчаб кўрган. Агар бир см. кам бўлса “брак” ҳисобланган. Келинга солиш учун 6 ёки 8 метр олинган. Бировга совға қилиш учун эса 4 метр олинган. Дадам стандартларни бузиб, фақат нусхаларни тиклаганлар. Аёллар ҳозир нусхасига қарашади, нусхаси (нақши), сифати ёқса ўзига неча метр чиқишини кейин ўлчашади. Дадамнинг энг катта меҳнати совет даврида ўрнатилган стандартларини бузиб, адрас, шойи матоларини халқимизга қайтариб бергани, деб ҳисоблайман. Аввал хонатлас тўқиш учун кимёвий моддалар ишлатилган, бугунги кунда юз фоиз табиий ипак ва ипдан адрас, атлас ва шойи матоси тўқилмоқда.

Устазода Расулжон Мирзааҳмедов дадасининг ишини давом эттириб, 1997 йили Бухоронинг 2500 йиллик юбилейига борганида аъло бахмал матосини  Моҳи Хосса музейида кўриб қолади. У музей ходимига илтимос қилиб, матони яхшилаб, синчиклаб кўриб олади.  Қизиқиб кўчадаги антиквар сотадиган магазиндан пул халта қиладиган бахмалчани сотволади. Шу матони ечиб, аъло бахмални қайта тиклаган.  

  • Бухоро аъло бахмали Бухоро амирининг оиласи ва унинг яқинлари учун тўқилган. Инқилобдан кейин бундай қимматбаҳо мато тўқилишига талаб бўлмаган, шу билан бу мато йўқолиб кетган. Биз шу икки йил давомида ишлаб, аъло бахмални тиклаганмиз.  Бундай аъло бахмал кам халқларда бор. Фақат Француз қироллари учун Венецияда тўқилган. Битта  уста қолган. Ўша пайтда мени келиб кўрган. Тикланибди, деб. Венецияда. Тўқилган. Лекин абрсиз. Ҳозирги замон бахмалига ўхшаган. Бизники абрли.  Жудаям оддий тўқилган. Лекин биринчи биз ўрганганимизда икки тепки қилиб уринаверганмиз. Буни туки суғирилиб кетаверган.Тошкентга келиб, амалий санъат музейида ишлаб, у ерда бир тажрибалар қилганимиздан кейин учинчи тепки, уч тепки қилиб қайта техникасини тиклаганмиз. Ҳозир аъло бахмалнинг тури кўп. Мана бу Самарқанд музейида тиклангани бор, Бухорода машҳур нусхалари бор аъло бахмални. Орқа-олдиси бир хил. Хонатласни ярқиратиш учун тўрт тепки, саккиз тепки қилинган, – дейди Расулжон биз билан суҳбатда.

2022 йил  Марғилонга дунё ҳунармандлари кенгаши томонидан халқаро ҳунармандлар шаҳри мақоми берилгач, Марғилон тарихи музейида алоҳида шу атлас, адрасга бағишланган кўргазма ташкил қилинган.  Асосан бу ерда Мирзааҳмедовлар оиласи, дадаси альбомга тушириб кетган эски, қадимги нусхаларнинг асли, қадимда тўқувчилар ишлатган дастгоҳлар, анжомлар қўйилган. Устанинг нияти алоҳида атлас, адрас, тўқимачиликка бағишланган музей қилиш.

Расулжон Мирзааҳмедов Занданачи қишлоғига бориб, суякдан қилинган  мокиларни топиб келган. Ўриш учун тўқийдиган асбоб. Марғилондаги музейда катта, қўпол мокилар ҳам бор. Улар  замонавий механика заводларида ишлатилганлари, суякдан нафис қилинганлиги эса  қадимда 300 -400 йил олдин ишлатган усталарни  моки асбоби.

Музейдаги энг ноёб нарса шишадан қилинган пардоз тоши. 

Бу ўша мармар тошга  мато тайёр бўлгандан кейин тухумнинг оқини кўпиртириб, матога бериб, мана шу шиша билан ишқалаб пардоз берилган. Ҳозир қайси музейга борманг,  Вашингтон тўқимачилик музейига борсангиз ёки Тошкентдаги музейга борсангиз, адрас матолари ярқираб турибди. Сабаби тухумнинг оқи берилиб, пардоз берилганлиги.  Йиртмоқчи бўлсангиз ҳам у тўқимадан кетмайди, куч билан йиртишингиз мумкин. Ҳам пишиқ, ҳам табиий ранг, ҳам табиий ипакдан бўлган матоларимиз сирасига киради.

Расулжон Мирзааҳмедовнинг энг катта орзуси Марғилонда атлас-адрас тарихига бағишланган алоҳида музей ташкил қилиш, уни қадимги буюмлар билан тўлдириш.

Виделавҳани бу ерда кўришингиз мумкин.

Шарифа МАДРАҲИМОВА, журналист.