Абубакир Аҳроржонов – Фарғона вилояти Бувайда тумандаги “Бачқир” маҳалласида ёшлар етакчиси (2022-йилдан). Қўқон давлат педагогика институтининг тарих ўқитиш методикаси факултетида таҳсил олган. Бунгача тумандаги 42-мактабда ёшлар етакчиси бўлиб, туман ёшлар ташкилотида масъул вазифаларда ишлаган. “Менинг буюк бобом” лойиҳаси, “Ўзбекистон учун 100 ғоя” танловининг вилоят босқичи ғолиби бўлган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси. “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” ҳамда “Ёш олим” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
У етакчилик қилаётган маҳаллада сўнгги икки йилда ёшлар ўртасида бирорта ҳам жиноят қайд этилмаган! Унинг маҳаллада ёшлар билан ишлаш тажрибаси таҳсинга лойиқ.
“Бачқир”да 14-30 ёшдаги ўғил-қизлар сони 918 нафарни ташкил этади. 2022-2023-йиллар давомида жами 110 нафар ёш “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлса, айни пайтда уларнинг бандлиги тўлиқ таъминланган, ўз даромад манбайига эга.
Мисол учун 11 нафар ишсиз ёшга ўзини ўзи банд қилиши учун инкубатор, ноутбук, тикув машинаси, компрессор ва бошқа асбоб-ускуналар, жиҳозлар олиб берилган. Ҳозир улар меҳнати ортидан даромад топиш билан бирга, шогирдлар ҳам тайёрлаяпти.
Етакчининг ташаббуси билан маҳалладаги беш нафар ёшнинг олий ўқув юртида таҳсил олиши учун шартнома пулининг 50 фоизи тўлиб берилди. Искандар Ҳусаинов, Шоҳиста Раҳимова, Сардор Содиқов кўрсатилган моддий ёрдамдан қувониб, маҳалланинг ҳар қандай оғир-енгил юмушларига шаймиз, дейишмоқда.
Ёшларни иш билан таъминлаш, касб-ҳунарли қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланган. “Бачқир”да 19 нафар ёшнинг ўзини ўзи банд қилиши учун уларга 30 йилга 15 сотихдан экин майдони ижарага берилди. Ер эгасига айланган Жаҳонгир Мирзаев ва Нурмуҳаммад Ўлжаев картошка, буғдой ва сабзи етиштирганини, иккинчи экинга маккажўхори парваришлаб, яхши даромад олганини айтишди.

Манзура Раҳимова, маҳалла ёшларидан:
– Ишсизликдан қийналиб юрганимда маҳалламиз ёшлар етакчиси Абубакир Аҳроржонов тавсияси ва маслаҳати билан менга тикув машинаси берилди. Жуда қувондим. Болалар кийим-кечаклари, ошхона жиҳозлари ва шунга ўхшаш анжомлар тикяпман. Даромадимга яна битта тикув машинаси сотиб олдим. Қўшнимни шогирдликка олганман. У ҳам ишли бўлди ва ҳозир чеварликка қўли келиб, кийимлар тикяпти. Берилган ёрдамдан беҳад хурсандман.

Ўктамжон Қосимов, маҳалла ёшларидан:
– Маҳалламизда 3 та “Қалқон” гуруҳи тузилган. Уларнинг ҳар бирига 5-6 нафардан йигитлар аъзо. Мен шу гуруҳлардан бирига сардорман. Абубакир Аҳроржоновнинг ташкилотчилиги, ташаббуси билан “Қалқон” гуруҳи сардорларининг сафарбарлик чақируви резерви бадали учун шартнома маблағи тўлаб берилди. Мен сингари Аброржон Ёқубов, Арабжон Мамажонов каби тенгдош сардорларнинг ҳар биримизга 6,5 миллион сўмдан пул тўланди.

Муслимахон Исломова, маҳалла ёшларидан:
– Болаликдан ногиронман, аммо ҳечам нолимайман. Тикувчиликни жуда яхши кўраман. Менга маҳалламиз ёшлари етакчиси кўмагида тикув машинаси олиб берилди. Қўлимдан келганича ҳаркат қилиб, ўз ҳунарим туфайли кунига 40, 50 минг сўм даромад топяпман. Келажакда шу сохани янада кенгайтирмоқчиман.

Дилфуза Муҳаммаджонова, маҳалла ёшларидан:
– Мен кичкиналигимдан компьютерга қизиқаман. Қанийди, ўзимнинг ноутбуким бўлганида, интернет орқали кўп нарсаларни ўрганардим, уйда ўтириб ҳам даромад топса бўлади-ку, мен ҳам шундай қилардим, деган орзуим бор эди. Мана, орзуим ушалди. Менга ноутбук ҳадя қилишди. Бундан жуда хурсандман. Энди IT соҳасини мукаммал ўрганиб, ўз билимларимни оширмоқдаман. Келажакда кучли дастурчи ёки график дизайнер бўламан.

Шунингдек, Бачқир МФЙда 3 нафар беморнинг даволаниши учун 35 миллион сўм маблағ ажратилди.
Спорт, санъат, маданият, бокс, кураш, қўл жанги, таеквандо тўгараклари ташкил этилган. Уларнинг ҳар бирига 30-35 нафардан ёш жалб этилган. Кечки пайт соат 6 дан 11 гача мактаб спорт зали, компютер хонаси ва кутубхона эшиклари ёшлар учун очиқ. Ёшар етакчиси ташаббуси билан маҳалла фуқаролар йиғини биносига стол тенниси, шахмат-шашка қўйилган.
450 та китоб фондига эга “Маҳалла ёшлар кутубхонаси” очилган. Маҳалла йигит-қизларининг бўш вақти йўқ. Уларни фойдали машғулотларга жалб этиш, вақтини самарали ўтказиш ишлари намунали йўлга қўйилгани сабаб маҳалла ёшлари ўртасида жиноятчилик йўқ.
“Беш ташаббус олимпиадаси”да “Бачқир”нинг енгил атлетикачи қизлари 27-30 ёш тоифасида республикада ғолибликни қўлга киритиб, маҳалла ёшлари учун спорт майдончаси ютиб олишди. Ушбу майдонча қуриб битказилиб, ёшларга топширилган.
Мушаррафхон Муродалиева белбоғли кураш бўйича жаҳон, 7 карра Ўзбекистон чемпиони. У “Беш ташаббус” доирасида 2005 йилда туғилган ёшлар ўртасида ўтказилган енгил атлетика, Жасурбек Насибжонов эса спортнинг воркаут тури (кўча спорти) бўйича республика мусобақаси, маҳалла футбол жамоаси ДХХ ва ИИБ кубоги беллашувлари ғолиби бўлди. Волейбол бўйича қизлар жамоаси республика чемпионати иштирокчиси. Маҳаллада ва мактабда доимий равишда тўгараклар фаолият юритиши натижасида маҳалла ёшлари ҳар йили “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг республика босқичида фаол иштирок этади.
Битирувчи ёшлардан 37 нафари устоз-шогирд анъанасига мувофиқ, ҳунармандлардан касб ўрганиб, иш ва даромад топмоқда.
Маҳалла ёшлари фаолиятидаги бундай ўзгаришлар, янгиланишлар, уларнинг мустақил ҳаётга дадил ва ишонч билан қадам қўйишида ёшлар етакчисининг ҳиссаси катта. Йигит-қизларда мақсад сари интилиш, қийинчиликлардан чўчимаслик, ташаббускорлик фазилатларини шакллантириш, уларни эзгу ишларга руҳлантириш, Ватанга муносиб ўғил қизлар этиб тарбиялаш маҳалла фаоллари қаторида ёшлар етакчисидан ҳам жиддий масъулият талаб этади. Абубакир зиммасидаги жавобгарлик ва масъулият туйғусини ҳамиша теран англаб, ҳис қилиб яшайди. Унинг ютуғи ҳам шунда.









