Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган.
Унда, жумладан шундай дейилади, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғидан кенг фойдаланиш ҳамда Ватанга нисбатан фахр-ифтихор ва меҳр-муҳаббат туйғуларини янада кучайтиришга хизмат қилишини таъминлаш мақсадида мазкур Қонун қабул қилинмоқда.”
Қонунда Ўзбекистон Давлат байроғидан қайси ҳолларда фойдаланиш мумкинлиги ва қайси ҳолларда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги баён этилган.
Қонун лойиҳасига кўра, эндиликда қуйидаги ҳолатларда ҳам давлат байроғидан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин:
- байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойларида, биноларда, яшаш ёки иш жойларида, транспорт салонида;
- байроқдан спорт мусобақалари, оммавий, тантанали ва маданий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотира саналарни нишонлашда, жамият ва давлат арбоблари, ҳарбий хизматчилар дафн маросимларида;
- байроқнинг тасвири туширилган белгилардан устки кийим-кечакни безатиш ёки Ўзбекистонга тегишлиликни белгилаш учун тижорий мақсадларда.
Шу билан биргаликда, байроққа нисбатан ҳурматсизлик қилиш ҳолатлари аниқ белгиланмоқда, хусусан:
- байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан йиртилган, ифлосланган, тешилган, ранги оқарган ҳолда ва бошқа номақбул тарзда фойдаланиш;
- бирор-бир нарса учун устки ёпинғич сифатида фойдаланиш (дафн маросимларида фойдаланиш мустасно);
- столларга, ўриндиқларга, стулларга тўшаш ёки тасвирлаш, ундан қоплама сифатида фойдаланиш, ўтириладиган бошқа жойларга ёки оёқ остига тўшаш ёки тасвирлаш;
- кийим-кечак, дастрўмол ёки кўрпа-тўшак сифатида, буюмларни сақлаш ва ташиш учун фойдаланиш;
- байроқ тасвири туширилган белгиларни пойабзал, дастрўмол, кўрпа-тўшак, ички кийим-кечакга, сочиқларга, қутиларга (ўровларга), бир марта фойдаланиш ва ташлаб юбориш учун мўлжалланган буюмларга босиб чиқаришга ёки унинг тасвирини бошқача тарзда тушириш;
- байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-аҳлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда фойдаланиш мумкин эмас.
Қонун лойиҳасини ўқиганлар унга изоҳ қолидириши мумкин. Ушбу Қонун лойиҳасига (https://regulation.gov.uz/oz/d/81075)изоҳ ва таклифлар 16 июнга қадар қабул қилинади.









