Душанба, Апрель 20, 2026

Ижтимоий тармоқлар

Китоб мутолаасининг фойдали жиҳатлари

Қайсики оилада китоб ўқилмаса, у оилани тўлақонли оила деб бўлмайди, деган экан доноларимиздан бири. Дарҳақиқат, ҳар бир ота-она ўз фарзандларини болалигиданоқ гўзал хулқли, маданиятли қилиб тарбиялаши учун, аввало, оилада китоб ўқишни ўргатиши, шинамгина кутубхона ташкил этиши лозим.

Шу ўринда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Бугун китоб ўқимаган одам, кечаги одам эмас” деган ҳикматли сўзи ёдимга келади. Оилада ота-она китоб ўқиса, боласи ҳам китоб ўқийди. Болани ёшлигидан китоб ўқишга, мустақил фикрлашга ўргатилмаса, у катта йигит ёки қиз бўлиб қолганда ҳам ким бўлишини, кимнинг авлоди эканлигини билмай юраверади.

Менимча, дастлаб болаларни шеъриятга ошно қилиб, тўртликлар ёдлатиш, мазмунини сўзлаб беришга одатлантириш керак. Чунки шеър боланинг хотирасини чархлайди. Шеърда ҳикмат яширинган бўлади, дейди устозларимиз. Шу ўринда шоира Зулфия Мўминованинг машҳур бир шеъридан қуйидаги парчани келтириб ўтмоқчиман:

Хонлар каби юрганлар,

Хонсаройлар қурганлар,

Не берай? – деб турганлар,

Болага китоб беринг!.

Навоийни билсин у,

Ёнингизга келсин у,

Бахти бўлсин, кулсин у,

Болага китоб беринг!

Бола ўз фикрини далиллашга, чиройли сўзлашга ўрганади.

Маълумки, инсоннинг феъл-атвори, табиати гўдакликдан шаклланади. Миллий дунёқараш ҳам бола вужудига она сути билан сингади. Она алласи чақалоқнинг ором олиши учунгина айтилмайди, унинг воситасида боланинг кўнглига миллий руҳ киради, гўзал инсоний фазилатлар шаклланади. Бундай ишларни амалга ошириш учун оилада болаларга ўзбек адиблари О. Ёқубов, Ў. Умарбеков, Ў. Ҳошимов, Э. Воҳидов, А. Орипов каби ижодкорларнинг асарларини ўқишни кундалик одатга айлантириш керак. Болалар равон ёзилган ушбу асарлар қаҳрамонларининг болалиги, иш фаолияти, турмуш тарзи билан яқиндан танишади. Ўзбек оналарига бағишланган меҳр-муҳаббат мадҳияси сифатида уни зўр иштиёқ билан ўқийди. Асардаги воқеалар болалар хотирасида бир умр сақланиб қолади. Болалар аста-секинлик билан китобга меҳр қўя бошлайди. Улар ўткир зеҳнли бўлиб камол топадилар. Боғча ва мактаб эса оилага кўмакчи бўлиб хизмат қилади.

Абдужалил Қобулов, Тошкент ахборот технологиялари университети,

Фарғона филиали, 3-босқич талабаси.