Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда йўл ҳаракати қоидаларини янада такомиллаштириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш, ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини ошириш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини яхшилаш, йўл ҳаракатини ташкил этишни тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди.
Айрим ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига беписандлик билан қараш, транспорт бошқариш маданиятига риоя қилмаслик, йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларига нисбатан ҳурматсизлик, транспорт воситасини кескин бошқариш ҳамда бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган “агрессив бошқариш” ҳолатлари кўпаймоқда.
Қонун лойиҳаси билан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, қўпол қоидабузарликлар содир этган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлган шахс томонидан транспорт воситасини такроран бошқариш учун жиноий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефт газида ишлайдиган транспорт воситалар билан боғлиқ ҳодисалар бўйича алоҳида моддалар билан маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини судлар томонидан қўлланишини инобатга олиб, Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлик учун маъмурий жазосини жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўллаш тартиби ҳам таклиф қилинмоқда.









